Kun.uz таҳририятининг навбатдаги журналистик суриштируви объекти бир гуруҳ фаол ёшларнинг уй-жой билан таъминланишида юзага келаётган муаммолар ҳақидаги мурожаат бўлди. Фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётидаги хизматлари эвазига бир гуруҳ ёшларга имтиёзли асосда уйлар берилиши белгиланган эди. Ёш оилаларга бу имтиёзлар президентимизнинг 2018 йил 18 сентябрдаги ПҚ-3480-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги 250-сонли қарорига асосан берилиши белгиланган. Мурожаатнинг мазмуни 630 та ёш оилага ана шу «Ёшлар уйи» берилиши пайсалга солинаётгани ҳақидадир.

Kun.uz ижодий гуруҳи ушбу мурожаат изидан бориб, ёш оилалар учун мўлжалланган уйлар қурилаётган Тошкент шаҳар, Сергели тумани "Чош-тепа” маҳалласида шу уйларнинг соҳибу- соҳибалари бўлиши кутилаётган ёшлар билан учрашди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«2015 йил ариза берганман, мана 3 йилдан ошди, ҳали ҳам уй берилгани йўқ. 2017 йилда президентимизнинг қарори чиққан. 630 оилани уй билан таъминлаш тўғрисида. 2018 йил 26 октябрда президентимизнинг Юнусободга ташрифи чоғида ушбу ёш оилаларни уй билан таъминлаш бўйича Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоевга, Тошкент шаҳар ҳокимига ва Молия вазирига буйруқ берилган. Унга кўра, 2018 йил охирига қадар ёшларга бериладиган уйларни молиялаштириб, уйга киритиш тайинланган. Мана, ҳозир 2019 йил, ҳозирга қадар уй берилгани йўқ», дейди Адилов Муҳаммаджон.

«2018 йил 8 октябрь куни Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида иқтидорли ёшлар йиғилди. Мен ҳам шу қаторда келдим. Йиғилиш мобайнида мутасадди ташкилотлардан келишди. Конституция байрами муносабати билан уйлар тақдим этилиши маълум қилинди. 8 декабрь куни ҳам келди. Вақт ўтиб кетди. 24-25 декабрь кунлари ёшларга уй тақдимот ҳафталиги бўлади, телевидениеларда ҳам кўрсатилади, дейилди. У кунлар ҳам ўтиб кетди. Аммо, ҳамон уйдан дарак йўқ. Қўлимизда тавсиянома бор. Бу тавсияномада Сергели туман Чош-тепа ҳудуди кўрсатилган. Лекин, у ерда қайси банк билан шартнома тузиш кераклиги, уй рақамлари ҳам, квартира рақамлари ҳам кўрсатилмаган. Биз шу тавсияномага ишонгандик. Уйда турган оддий қоғозга ўхшаб туюляпти. Ҳамма илғор ёшлар бу ерда. Масалан, мен «Навоий» стипендияси соҳибиман», дейди куюниб Фарҳод Абдусаломов.