Жаҳон | 19:49 / 29.01.2019
8463
2 дақиқада ўқилади

Порошенко Украина президенти сайловларида иштирок этишини эълон қилди 

Фото: president.gov.ua

Украинанинг амалдаги президенти Пётр Порошенко навбатдаги президент сайловларида иштирок этишини эълон қилди. 

Порошенконинг бундай қарорни қабул қилишига “мамлакат, замондошлар, аждодлар ва авлодлар олдидаги жавобгарлик ҳисси” мажбур қилган. 

Порошенко иккинчи муддатга номзодини илгари суришини Киевда ўтаётган “Крутдан Брюсселгача” форумида маълум қилган. У шу форумда Украина 2024 йилда Европа Иттифоқига киришга ариза топширишини ва НАТОга кириш бўйича режани олиб, уни бажаришни бошлашни мўлжаллаётганини қўшимча қилган.

Порошенко Россия билан муносабатларга тўхталиб, у билан “совуқ бўлса ҳам тинчлик” кераклигини таъкидлаб ўтган. Украина президентининг айтишича, мамлакат ҳудудий яхлитлигини тиклаш сиёсий-дипломатик йўл, жумладан санкциялар қўллаш билан давом эттирилади. 

Порошенко президент лавозимини 2014 йил июндан эгаллаб келади. 

Украина президенти сайловлари 31 март куни бўлиб ўтади. Сайловларда иштирок этиш истагини мамлакатнинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенко ва телебошловчи Владимир Зеленский ҳам билдирган.

Сайловлар бир босқич билан тугаши учун номзодлардан бири 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплаши лозим. Агар бу юз бермаса, 21 апрелда 2-босқич бўлиб ўтади.

Мавзуга оид