Ўзбекистон | 19:43 / 31.01.2019
32506
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоят ҳокими: «Дарвозангизга битта чироқ қўйинг, жиноятчиликни камайтиришга ҳисса қўшган бўласиз»

Жиноятчиликка қарши курашиш масаласига бағишланган  йиғилишда Тошкент вилоят ҳокими одамларни кўча дарвозасининг олдига ҳеч бўлмаса битта чироқ ўрнатиб қўйиш, шу орқали жиноятчиликни камайтиришга ҳисса қўшишга чақирди, деб ёзади «Тошкент ҳақиқати» газетаси. 

Хабарда мутахассисларнинг ҳисоб-китоблари келтириб ўтилган.
Маълум қилинишича, битта чироқ лампаси йил давомида нари борса 20 минг сўм харажатли электр сарфлайди. Бу орқали хонадон эгаси ҳам ўз тинчлигини сақлаган, ҳам жамиятда салбий иллатларнинг камайишига ҳисса қўшиши таъкидланади.

Маълумот учун, 2017 йилда айрим турлар бўйича муайян ҳудудларда жиноятлар сони анча ошиб кетишига йўл қўйилганди. Жиноятларни фош этиш бўйича ҳаракатлар етарлича амалга оширилмаётгани туфайли 4600та ёки жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятларнинг 11,4 фоизи фош этилмасдан қолмоқда.

Бундан ташқари давлат хизматчилари ўртасида жиноят ҳолатлари ҳам мунтазам фош этилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоят прокуратураси томонидан, 2018 йил давомида 85 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 59 та жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг барчаси судларга оширилган.