Жаҳон | 21:01 / 01.02.2019
9525
2 дақиқада ўқилади

Интернетга 25 млрд ўғирланган логин ва парол қўйилди

Фото: Luke MacGregor / Bloomberg

Хакерлар ўғирланган логин ва паролларни жамлаб, интернетга рекорд катталикдаги маълумотлар базасини қўйишди. Бу ҳақда The Wired нашри маълум қилди. 773 млн парол ва логиндан иборат ҳамда Collection #1 деб номланган маълумотлар базаси интернетда январь ўрталарида пайдо бўлганди. Энди киберхавфсизлик соҳасидаги тадқиқотчилар ушбу базанинг иккинчи қисми – 25 млрд парол ва логиндан иборат ҳамда 854 Гб келувчи, Collections #2–5 деб номланган маълумотлар базасини аниқлашди. 

Потсдамдаги (Германия) Hasso Plattner Institute таҳлилчилари базани ўргангач, унда 2,2 млрд қайд қилиш ёзуви борлигини аниқлашган. Базанинг катта қисми аввалги йиллардаги ўғирликлар, жумладан Yahoo, LinkedIn ва Dropbox маълумотлар базасини бузиб киришда қўлга киритилган маълумотларни ўз ичига олган.

“Бу биз қачондир кўрган энг катта жамланмадир”, деб айтган киберхавфсизлик соҳасида фаолият юритувчи ва базани торрентларда аниқлаган Phosphorus.io компанияси ходими Крис Роуланд. 

Унинг айтишича, Collections #1–5 хакерлар орасида кенг тарқалиб кетди. Жумладан, маълумотлар базасидан иборат файлни юклаб олишни 130 киши таклиф қилган, файлнинг ўзи эса минг мартадан кўпроқ марта кўчириб олинган. 

Мавзуга оид