17:08 / 02.02.2019
34795

Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос биринчи муз аренаси очилди

Бугун, 2 февраль куни Тошкентда янги «Ice City» мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, лойиҳа таъсисчилари ва бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этишди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

16 000 кв.м майдонда қад ростлаган ушбу «шаҳарча»да қор ўйнаш, сноубордда учиш ва хоккей ўйнаш мумкин. Муз саройида мухлислар учун алоҳида трибуна ҳам ташкил этилган. Ҳудудда +18 даража илиқлик ушлаб турилади.

«Ушбу муз аренаси айни пайтда мамлакатимизда барча халқаро стандартларга жавоб берадиган (дарвоза, ўлчамлар, ёритиш тизими ва кийим алмаштириш хонаси) биринчи ва ягона мажмуа ҳисобланади», – дейди Ўзбекистон ҳоккей федерациясининг Ўзбекистон чемпионатини ташкил этиш департаменти директори Владимир Иванович Сторонкин.

Тадбирда рамзий тугмани босиш орқали хоккей бўйича 2019 йилги Ўзбекистон чемпионатига қанча вақт қолганини кўрсатувчи тескари ҳисоб бошланди. Унда МОҚ вице-президенти Аҳмаджон Раҳимов, Ўзбекистон хоккей федерацияси бош котиби Шукрулло Каримов ва спорт федерациялари вакиллари қатнашишди.

Шундан сўнг музда ёш хоккейчилар иштирокида кўргазмали чиқиш намойиш этилди. Кейин эса «Бинокор» ва «Тошкент», шунингдек, «Ҳумо» ва «Семурғ» жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Маълум қилинишича, 8 февраль куни ҳоккей бўйича Ўзбекистон чемпионати айни шу 4та клуб иштирокида старт олади.

«Барча ўйинлар «Ice City» мажмуасида ташкил қилинади. Агар ушбу арена бўлмаганида биз чемпионат бошланишини ва «Ҳумо» муз аренаси битишини яна кутиб қолардик», – деди Владимир Сторонкин.

Ташкилотчининг айтишича, ҳоккей бўйича Ўзбекистон чемпионати 17 ва ундан катта ёшдаги хоккейчилар ўртасида ўтказилади ва 24та учрашувдан иборат бўлади. Баҳслар 17 март куни ниҳоясига етади. 20 мартдан бошлаб эса плей-офф учрашувлари бошланади. Унда жамоалар учта ғалабагача кураш олиб борадилар.

Тошкентдаги «Humo Arena» муз саройи белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмайди 

Top