Ўзбекистон | 15:11 / 06.02.2019
86701
5 дақиқада ўқилади

Жўрабеков нимани катта хато деб ҳисоблаши ва қандай қарорга таъсир кўрсата олмаганини айтди

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, сув хўжалиги соҳасининг йирик мутахассиси Исмоил Жўрабеков “Халқ сўзи”га интервью берди.

Соҳа фахрийси ўз суҳбатида Сув хўжалиги вазирлиги, томчилатиб суғориш технологияси, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳақида ҳам айтиб ўтди.

“Томчилатиб суғоришга тенг келадиган муқобил усул йўқ. Давлатимиз раҳбари томонидан ерларнинг кўп қисмида шу технологияга ўтиш масаласи кўтарилгани бежиз эмас. Унинг фойдалилиги аввал ҳам маълум эди. Лекин жорий этиш учун маблағ ҳам, жиҳозлар ҳам, техника ҳам йўқ эди. Энди бўлса, буларнинг ҳаммасини топиш учун энг юқори даражада чоралар кўрилмоқда. Мен ўзим иккита қўшни далада ғўза қандай етиштирилаётганига гувоҳ бўлдим. Биттасида томчилатиб суғориш усули, иккинчисида эса анъанавий усул қўлланилмоқда. Натижани қаранг: биринчи даладан иккинчисига нисбатан 35 фоиз кўпроқ пахта ҳосили териб олинибди ва уч баравар кам сув сарфланибди.

Хитойда бўлганимда бир фермернинг даласи ёнида тўхтаб, ҳосил етиштириш учун қанча миқдорда сув сарфлашини сўраган эдим. У “гектарига 3 800 — 4 000 куб метр”, деб жавоб берди. Ишонмаган эдим, фермер мендан хафа бўлиб қолди. Ахир бизда ўшанча жойга 12 ва ундан ортиқ минг куб метр сув сарфланади-да. Бунинг сири эса айнан томчилатиб суғоришда экан.

Тўғри, томчилатиб суғориш соҳасида дунёда Исроил давлати етакчилик қилади, у ерда ушбу технология барча суғориладиган ерларнинг деярли 75 фоизида жорий этилган. Лекин майдон катталиги жиҳатидан оладиган бўлсак, у рақобатлаша олмайди. Масалан, Хитойда томчилатиб суғориш беш миллион гектардан зиёд майдонларда, Ҳиндистонда эса икки миллион гектар ерда қўлланилади. Бизнинг мамлакатимизда-чи, бу усул 50 минг гектардан камроқ майдонда жорий этилган ва мазкур кўрсаткич барча суғориладиган ерларнинг атиги бир фоиздан зиёдроғини ташкил қилади. Ана энди Ўзбекистон сув тежаш бўйича қандай катта салоҳиятга эга экани кўриниб турибди”, - дейди у.

Шунингдек, Исмоил Жўрабеков ўз вақтида Сув хўжалиги вазирлиги тугатилганини катта хато деб ҳисоблаши ҳақида айтди.

“Ҳа, мен буни катта хато, деб ҳисоблаганман ва ҳозир ҳам шундай деб ўйлайман. Ўша вақтда Сув хўжалиги вазирлигини тугатишга иложи борича қарши чиққанман. Афсуски, бу қарорга таъсир кўрсата олмаганман. Энди Президент Шавкат Мирзиёев Сув хўжалиги вазирлигини қайта тиклагани ва унга энг жиддий вазифаларни юклаганидан хурсандман. Ҳеч кимни танқид қилмоқчи эмасман-у, кўп йиллар давомида катта меҳнат эвазига қурилган иншоотлар борган сари яроқсиз ҳолга келаётганини кўриш биз, ирригаторлар учун аянчли эди. Натижада 600 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати ёмонлашди, 200 минг гектар ер эса умуман фойдаланишдан чиқиб кетди. Ўзбекистон учун 200 минг гектар ер қандай аҳамиятли эканини биласизми? Бу — дастурхонимизни безаши ва экспорт қилиниши мумкин бўлган улкан ҳажмдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дегани. Бу — юз минглаб иш ўринлари дегани. Ишонасизми, баъзи қишлоқларда сув йўқ бўлгани учун ҳаёт ҳам йўқолди, одамлар иш излаб бошқа жойларга ¬кетиб қолишганди. Буни кузатиш нақадар ачинарли эди! Энди эса қайта тикланган мелиорация тизими ерни яна жонлантирмоқда, одамлар ҳам ўз жонажон ерига қайтяпти! Мана, давлатимиз раҳбари белгилаб берган мақсад. Лекин йўқотилган тизимни қайта тиклашнинг ўзигаёқ ҳеч бўлмаганда 3-4 йил кетади. Бу давр ичида фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонлари тикланади ва уларда яна деҳқончилик қилиб, ҳосил ундириш мумкин бўлади. Юз минглаб гектар ерларда мелиоратив ҳолатни яхшилаш тадбирлари олиб борилади. Мен ҳам ўз тажрибам билан Сув хўжалиги вазирлиги мутахассисларига ёрдам бериш орқали бу катта ишга ҳисса қўшишим мумкинлигидан хурсандман”, - дея айтиб ўтган И.Жўрабеков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исмоил Жўрабеков Оролбўйидаги аҳоли давлат ёрдамига жуда муҳтож экани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид