СССР давлатининг парчаланиши ўзидан кейин муаммоларни ҳам пайдо бўлишига сабабчи бўлди. Хусусан, иттифоқдош мамлакатлар чегараси ва шахсларнинг фуқароликни олиш тартибини барча ўз талқинича кўра бошлади. Бироқ, бу мақолада айтмоқчи бўлганим — бошқа масала.
Гап шундаки, 1984 йили Ўзбекистон ҳудудида туғилган (ва туғилганлиги ҳақида гувоҳномага эга бўлган) Гулнора Файзиеванинг яшаш жойи собиқ Совет тугатилиши билан Қозоғистон ҳудудига тўғри келиб қолди. Фуқаролик паспортини олиш учун у Ўзбекистон Республикаси мутасадди органларига мурожаат этди, албатта, кейинчалик Ўзбекистон ҳудудига кўчиб ўтиб, шу ерда муқим яшай бошлади. Аммо унга фуқаролик паспорти берилмади. Гулнора 2017 йили фуқаролиги бўлмаган шахслар учун тақдим этиладиган паспорт учун ариза топширди, аммо ундан ҳам дарак йўқ.
Муаммо нимада? Масаланинг жиддий тарафи шундаки, Гулнора турмуш ўртоғи билан расман никоҳдан ўтишга имконияти йўқ, шу орада эса оилада 4 нафар фарзанд туғилди. Улар ҳам онаси каби ҳужжатсиз, туғилганлиги тўғрисида гувоҳномаси йўқ, тўғрироғи берилмаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 205-моддасига мувофиқ, боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бу туғилган жойдаги ёки ота-онадан бирининг доимий яшаш манзили бўйича ФХДЁ органида бир ой муддат ичида амалга оширилиши керак.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги қарорида таъкидланишича, ота-оналардан бирининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган алоҳида ҳолларда ФҲДЁ органи туғилганликни қайд этишни рад қилиши мумкин эмас. Бунда ҳужжатлари бўлмаган ота ёки она ҳақида маълумотлар никоҳ тузилганлиги ёки аввалги болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари асосида кўрсатилади.
Аммо биз кўриб чиқаётган юқорида кўрсатилган сабаблар билан никоҳ расман тузилмаган ва болаларнинг ҳеч бири гувоҳномага эга эмас. Шунга қарамай, ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда боланинг туғилганлигини қайд этиш тиббиёт муассасасининг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма мурожаатларига асосан амалга оширилади.
Тўрт нафар вояга етмаган фарзандларнинг барчаси туғруқхонада дунёга келган ва бу ҳақда тиббиёт муассасасининг маълумотномаси мавжуд. Васийлик ва ҳомийлик органи ёзма мурожаат қилмаслиги қатъий таъкидламоқда.
«Негаки, болаларнинг отаси Ўзбекистон фуқароси ва унинг фуқаролик паспорти мавжуд. Онанинг фуқаролиги аниқланмаган, аммо шахсини тасдиқловчи ҳужжат — ички ишлар бўлими томонидан берилган тегишли намунадаги маълумотнома бор. Демак, ота ҳам, она ҳам шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга. Агар никоҳ ҳолати расман қайд этилмагани ёки оталикни белгилаш муаммо бўлса, иш суд ажрими билан ҳал қилиниши керак», —дейди орган вакили.















