Жаҳон | 16:44 / 10.02.2019
25267
4 дақиқада ўқилади

Сурия мухолифати ИШИДни «буткул йўқ қилиш» учун сўнгги таянчини қамал қилди

© AP Photo

2012 йилдан буён АҚШ томонидан қўллаб-қувватлаб келинадиган «Сурия Демократик кучлари» (Syrian Democratic Forces) мамлакат шарқида, Ироқ билан чегара ҳудудидаги Багуз шаҳрига ҳужум бошлади. Айни вақтда ИШИДнинг охирги таянчи бўлган бу ҳудуд учун шафқатсиз жанглар олиб борилмоқда.

Икки йил муқаддам Сурия ва Ироқнинг катта қисмини назоратига олган ИШИДнинг қолган-қутган жангарилари айни вақтда Суриянинг Дейр-аз-Зор вилояти ҳудудида, Ироқ билан чегарада кичик ҳудуднигина қўлда тутиб қолган.

The New York Times хабарига кўра, кейинги икки ҳафта давомида Багуздан 20 мингдан ортиқ киши қочиб чиққан.

Фото: GETTY IMAGES
Аёллар ва болалар SDF вакиллари келиб, уларни рўйхатга олишини кутмоқда
Delil Souleiman / AFP / Scanpix / LETA

Сурия Демократик кучлари (Башар Асад режимига мухолифат бўлган гуруҳлардан таркиб топган) вакили Мустафо Балининг маълум қилишича, бир ҳафталик танаффусдан кейин ИШИДни «буткул янчиб ташлаш» учун қамал бошланди. Унинг айтишича, Багузда айни вақтда ИШИД жангариларининг энг тажрибали жангарилари қаршилик кўрсатмоқда.

«Шафқатсиз жанглар кетмоқда. У ерда мудофаани яхши биладиган энг тажрибали жангарилар қолган. Шундан тасаввур қилиш мумкинки, олдинда катта жанглар кутиб турибди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Associated Press.

Кейинги ойларда асосан курдлардан иборат «Сурия демократик кучлари» Америка авиацияси кўмагида ИШИД жангариларини Суриянинг шимоли-шарқидаги шаҳарлар ва қишлоқлардан сиқиб чиқарган.

Фото: AFP

2014 йилда ИШИД Сурия ва Ироқда Буюк Британия ҳудудига тенг майдонни эгаллаб олганди. Ўшанда бу ҳудудда 7,7 миллион киши истиқомат қиларди.

Ироқ 2017 йилнинг охирида ИШИДдан озод этилди, 2018 йил бошига келиб Суриянинг ҳам аксар ҳудуди жангарилардан қайтариб олинди.

2018 йилнинг декабрида АҚШ президенти Дональд Трамп Сурия ҳудудида ҳам ИШИД жангарилари деярли қолмаганини, шу туфайли 2 минг нафар америкалик ҳарбий Суриядан олиб чиқилишини эълон қилди.

2019 йил февралида эса Трамп «тез фурсатларда халифат 100 фоиз тор-мор этилгани эълон қилиниши» ҳақида гапирди.

Лекин ИШИД ҳамон Суриянинг турли нуқталарида яшаб қолмоқда ва ташкилотнинг кўпдан-кўп «уялари»ни бутунлай йўқ қилиш иложсиз иш.

Худди шундай вазият Ироқда ҳам кузатилмоқда. Жангарилар вақти-вақти билан терактлар содир этиб, ўзларининг мавжудлигини эслатиб туришади. Айрим ҳудудларда, жангарилар ҳужум уюштириш қобилиятини ҳам сақлаб қолган. Ҳамон ташкилот раҳбари Абу Бакр Бағдодий қаердалиги ва унинг тақдири маълум эмас.

БМТ маълумотларига кўра, ИШИД ҳамон 14-18 минг жангарини ўзида бирлаштириб турибди. Шундан 3 минг нафарга яқини хорижлик жангарилардир.

Қолаверса, ИШИД таъсиридаги кучлар Афғонистонда, Мисрда, Ливияда, Жануби-Шарқий Осиёда (Филиппин) ҳамда Ғарбий Африкада (Нигерия, Нигер, Чад ва бошқа давлатлар) ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Шунингдек, бутун дунё бўйлаб ташкилот ғоялари таъсирига тушган шахслар худкуш террорчига айланишмоқда.

Мавзуга оид