Ўзбекистон | 22:29 / 12.02.2019
3079
3 дақиқада ўқилади

Тайёр маҳсулотнинг камида 80 фоизини экспорт қиладиган тикув-трикотаж корхоналар учун янги тартиб жорий этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»га қарори қабул қилинди.

Қарор тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳани жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тўқимачиликда ярим тайёр маҳсулотларни чуқур қайта ишлашга инвестициялар ҳажмини ва тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш мақсадида қабул қилинмоқда ва айрим чора-тадбирларни назарда тутади.

Жумладан, 2019 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган тартибга мувофиқ: 

а) 2019–2021 йилларда ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотнинг камида 80 фоизини экспорт қиладиган тикув-трикотаж корхоналарига тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда қопланади:

·       айланма маблағларни тўлдириш (тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ип-калава, трикотаж мато, ип газлама ва бошқалар харид қилиш) мақсадида тижорат банклари томонидан миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган ҳолда;

·       ишлаб чиқаришни модернизация қилиш (бино ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш) мақсадида тижорат банклари томонидан хорижий валютада бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида;

б) ноль ставкани қўллаш натижасида вужудга келган қўшилган қиймат солиғини қайтариш зарур бўлган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган кундан эътиборан 7 иш куни давомида солиқ тўловчига тезкорлик билан қайтарилади. Бунда давлат солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотлар, шу жумладан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича таққослаш далолатномаси ҳамда қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобларини тақдим этиш тартиби бекор қилинади;

в) биржа савдолари орқали пахта толасини сотишда қатъий талаб қилинадиган банк кафолатлари бекор қилинади. Бунда тарафлар ўртасида мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тартиби шартнома асосида белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тижорат банклари томонидан тикув-трикотаж корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоизларни қоплаш учун зарур бўлган маблағларни 2019–2021 йиллар давомида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига ажратади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид