Ўзбекистон | 22:54 / 12.02.2019
17466
2 дақиқада ўқилади

Худойберди Тўхтабоев: Ўзбек адабиёти саҳифаларини Европа адабиётига бериб бўлдик

Бугун, 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги пресс-холлида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг янги нашр қилинган асарлари тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда иштирок этган Kun.uz мухбири шу ҳақда хабар берди.

Тадбирда ёзувчи Худойберди Тўхтабоев ва ўзбек болалар адабиёти вакиллари қатнашиб тақдимотдаги «Тагоб қишлоқ эртаклари», «Ширин қовунлар мамлакати», «Уч сайёҳнинг сафари», «Донишманд бобо эртаклари» ҳамда «Сир очилди» номли китоблар бўйича ўқувчилар, ОАВ ходимларига батафсил маълумот берди.

Китоб тақдимоти тадбирида ёзувчи Худойберди Тўхтабоев ўзбек болалар адабиёти ва унинг муаммолари ҳақида гапирди.

«Тан олайлик, бугунги адабиётимизда болаларимиз учун ёзилаётган асарлар жуда оз. Шеър етарли, лекин проза...

«Бировнинг боласини бировнинг отаси тарбияламасин», деган гап бор. Афсуски, бугун кўпчилик ўзбек болалари Европа адабиёти намуналарини ўқиб катта бўлаяпти. Ўзбек адабиёти саҳифаларини Европа адабиётига бериб бўлдик. Бунинг оқибати яхши бўлмайди», дейди ёзувчи.

Шунингдек, Худойберди Тўхтабоев Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси таркибида болалар адабиётини ривожлантириш бўйича махсус бўлим ташкил этиш ташаббусини ҳам билдирди. Балки кимдир бундай бўлим бор, дейиши мумкин, лекин мен, болалар ёзувчиси буни билмайман, - дейди у.

Тақдимотда ўзбек болалар адабиётини ривожлантириш, унинг муаммо ва камчиликларини ўрганиш учун ёзувчи ва шоирларнинг учрашув, конференцияларини тизимли равишда ташкил этиб бориш, шу орқали уларнинг ҳамфикр бўлишини таъминлаш таклифи билдирилди.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид