Европа Чемпионлар лигасининг 1/8 финалидаги илк учрашувда «Манчестер Юнайтед» ўз уйида «ПСЖ»га ютқазиб қўйди (0:2).

«Манчестер Юнайтед» (Англия) – «ПСЖ» (Франция) – 0:2 (0:0)
Голлар: Кимпембе, 53 (0:1). Мбаппе, 60 (0:2).
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Янг, Байи, Линделёф, Шоу, Матич, Эррера, Погба, Лингард (Санчес, 45+4), Рэшфорд (Лукаку, 84), Марсиял (Мата, 46).
«ПСЖ» (Франция): Буффон, Керер, Тиагу Силва, Кимпембе, Бернат, Маркиньюс, Верратти (Паредес, 75), Дракслер, Дани Алвес, Мбаппе, Ди Мария (Дагба, 81).
Огоҳлантиришлар: Кимпембе, 11. Дракслер, 19. Погба, 26. Янг, 30. Бернат, 34. Линделеф, 50. Дани Алвес, 62. Эррера, 87. Шоу, 90+2.
Четлатиш: Погба, 89.
Ҳакам: Орсато (Италия).
12 февраль. Манчестер. «Олд Траффорд» стадиони.
Жавоб ўйини – 6 март.

Деярли 20 йил муқаддам Оле Гуннар Сульшер ўзининг голи билан «МЮ»га Чемпионлар лигаси тарихидаги энг ёрқин ғалабани келтирганди. Энди ушбу норвегиялик собиқ футболчи «МЮ»ни бошқармоқда, унинг еврокубокдаги дебюти кутилмаган кўриниш олди. «ПСЖ» осон рақиб эмасди. Гарчи, «Юнайтед»нинг собиқ футболчиси, Сульшернинг собиқ жамоадоши Эрик Кантона оригинал прогноз берган бўлсада. «МЮ» футболчилари мен қурбақаларни қандай есам, парижликларни ҳам шундай еб қўйишади», деганди собиқ футболчи.

Парижликлар ўйин олдидан жиддий муаммоларга дуч келишганди: Неймар, Кавани ва Меньенинг жароҳатлари. Жамоанинг жанубий америкалик ҳужумчилари Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида жами 7та гол уришганди. Бу гуруҳ босқичида «МЮ»нинг барча футболчилари бир бўлиб урган голлар сонига тенг. Лекин парижликлар дарвозаси Буффон қўлида эди.

Қизиқарли статистика. Италиялик дарвозабон бу майдондаги рақиби Маркус Рэшфорд дунёга келишидан икки ой аввал ЕЧЛда дебют қилганди. У шунингдек, жамоадоши Килиан Мбаппе туғилишидан олдин ЕЧЛда ўйнаган. Айнан шу икки футболчи икки жамоанинг ҳужум марказида ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда уларнинг иккиси ҳам ўзини кўрсата олмади.

Биринчи бўлимдаги асосий вазият Янг ва Ди Мария иштирокида бўлди. «МЮ» сардори тўп учун кураш вақтида собиқ жамоадошини куч билан майдон четидаги тўсиқ томон итариб юборди. Аргентиналик футболчи бир неча дақиқа давомида ерда ётди, ўйин ҳаками Даниэле Орсато эса англиялик ҳимоячига сариқ карточка кўрсатмади, акс ҳолда шундоқ ҳам аввалроқ огоҳлантирилган футболчи қизил карточка олиб майдонни эрта тарк этган бўларди.