21:24 / 13.02.2019
12038

ТАТУда АҚШ университети магистратураси учун қабул давом этмоқда

АҚШнинг Вебстер университети ва Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасидаги ҳамкорлик асосида «Лойиҳаларни бошқариш»​ йўналиши бўйича магистратура босқичига ҳужжатлар қабули давом этмоқда. Таълим Вебстернинг Master of Business Administration (МВА ─ бизнес бошқаруви магистри) ўқув дастури асосида олиб борилади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

Мазкур дастур АҚШнинг Бизнес-мактаб ва дастурлар аккредитацияси кенгашида аккредитацияланган, шунингдек, Вебстер университетининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган.

Ўқув курси 3 семестр, 18 ой давом этади. Ҳар бир семестр учун шартнома тўлови 3000 АҚШ доллари, умумий ҳисобда 3 семестр учун 9000 АҚШ долларини ташкил этади. Таълим жараёни ТАТУда хорижий ҳамда сараланган маҳаллий педагог кадрлар томонидан инглиз тилида олиб борилади.

Ўқишни муваффақиятли тамомлаганлар Вебстер университетининг МВА дипломига эга бўлишади.

Ҳужжат топширувчилар IELTS бўйича 6.0дан паст бўлмаган кўрсаткичга эга бўлиши, таълимнинг бакалавриат босқичини якунлаган ҳамда иқтисодиёт, менежмент, бизнес соҳаси бўйича базавий маълумотга эга бўлиши талаб этилади.

Ўқув курси 2019 йил март ойидан бошланади. Ҳужжатлар 20 февралга қадар қабул қилинади.

Тошкентда АҚШ олийгоҳининг филиалини очиш бўйича Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вебстер университети ўртасидаги тегишли келишув Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркка 2018 йил сентябрь ойида амалга оширган ташрифи доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон ─ Америка бизнес форуми якунлари бўйича имзоланган эди.

Маълумот учун, Вебстер университети 1915 йилда Миссури штатида ташкил этилган. У Швейцария, Австрия, Греция, Голландия, Хитой, Таиланд ва Ганада ўз филиалларига эга. Университет 2017 йили АҚШнинг энг яхши олийгоҳлари рейтингида 24 ўринни эгаллаган.​

Top