Тошкентда китобхонларнинг навбатдаги танлови бўлиб ўтди
12 февраль куни Тошкент шаҳридаги «Китоб олами» кутубхона-дўконида Тошкент кимё-технология институти ташаббуси билан «Китоб-миллатнинг бебаҳо, маънавий ва маданий мероси» мавзусида «Зукко китобхон» кўрик танлови бўлиб ўтди. Бу ҳақда олий таълим муассасаси ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича Комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш ҳамда 2017-2021 йиллар бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бандида белгиланган вазифаларни ижро этиш мақсадида бўлиб ўтди.
«Танлов 2 босқичда ўтказилиб, I босқич факультет талабалари орасида ташкил этилди. Ушбу босқичда 150 нафар талаба иштирок этиб, энг юқори балл тўплаган 10 нафар талаба кейинги босқичга йўл олиши назарда тутилган. Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган 10 нафар талаба финалда беллашади», дейилади хабарда.
Ушбу кўрик танловни адолатли ҳамда шаффоф баҳолаш учун ҳакамлар ҳайъати таркибига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Олтин қалам» мукофоти, «Дўстлик» хамда «Меҳнат шуҳрати» орденлари соҳибаси, шоира Зулфия Мўминова ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод таклиф этилган.