40 ёшли Писарро ўз голи билан «Вердер»ни қутқарди. У Бундеслига рекордчиси
«Бавария» ва «Челси» клубларининг собиқ футболчиси, перулик ҳужумчи Клаудио Писарро – Бундеслигада янги рекорд ўрнатди.
Айни вақтда «Вердер»да тўп сураётган футболчи Бундеслиганинг 22-турида «Ҳерта»га қарши ўйинда (1:1) ҳисобни тенглаштирувчи гол урди. Писарро ўйинга қўшиб берилган олтинчи дақиқада дарвозани ишғол этди, бунинг эвазига бременликларнинг мағлубиятсиз серияси давом этди - беш ўйин.
@pizarrinha es una LEYENDA. Con 195 tantos en la Bundesliga, se mantiene como máximo goleador extranjero. El N°1 en 🇩🇪 es de 🇵🇪 y se llama #ClaudioPizarro. 🔝⚽️ pic.twitter.com/QMKyg9R9C8
— #Edson1901 🇫🇮 (@ElHijoDeNelly) 16 февраля 2019 г.
Писарро Бундеслига тарихида гол урган энг ёши улуғ футболчига айланди. Перулик бу футболчи айни вақтда 40 ёшу 136 кунлик. Қайд этиш керакки, аввалги рекорд ҳам Писаррога тегишли эди. Ўтган сафар у Бундеслиганинг 10-турида, 2018 йилнинг 4 ноябрида «Майнц»га қарши ўйинда гол урганди. Бу рўйхатда учинчи ўринни 37 ёшида Германия чемпионати ўйинида гол урган Оливер Финк банд этган.
Писарро жорий мавсумда барча турнирлар доирасидаги 19 ўйинда жами 4 гол урган.
Писарро 1999 йилда Европага келиб, дастлаб «Вердер» сафида тўп сурган. 2001-2007 йилларда «Бавария» аъзоси бўлган футболчи мюнхенликлар сафида 174 ўйин ўтказиб, 71 гол урган, 2007 йилда «Челси»га йўл олган футболчи асосий таркибга кира олмаган, 2008-2009 йилги мавсумни «Вердер»да ижара асосида ўтказган, 2009 йили «Вердер»га бутунлай қайтиб, 77 ўйинда 43 гол уришга эришган. 2012 йили «Бавария» яна уни ўз сафига қўшиб олади ва ҳужумчи 2015 йилгача шу жамоада қолади, кейин «Вердер»га қайтган футболчи 2017 йил жамоани тарк этишга мажбур бўлади, ўша вақтдаги бош мураббий Александер Нури уни таркибдан чиқариб ташлаганди. Бир мавсумни «Кёльн» сафида ўтказган тажрибали футболчи 2018 йил ёзида яна жонажон жамоасига қайтади.
«Унинг тажрибаси биз учун юқори аҳамиятга эга. Писарро ҳамон майдонда муҳим футболчи, у буни Дортмунддаги ўйинда кўрсатганди. У афсона. Клаудио – ҳақиқий феномен, у ҳамиша яхши спорт формасида бўлган», – дея ишонч билан гапиради «Вердер» бош мураббийи Флориан Кофельдт.