Жаҳон | 21:00 / 17.02.2019
29478
2 дақиқада ўқилади

Скрипалнинг аҳволи ёмонлашган. У вафот этган бўлиши ҳам мумкин

Фото: wsbuzz.com / Global Look Press

Россия разведка бошқармасининг собиқ полковниги, 2018 йилнинг мартида Британиянинг Солсбери шаҳрида заҳарланган Сергей Скрипалнинг аҳволи оғирлашган. Бу ҳақда разведка хизматидаги манбасига асосланган ҳолда The Sunday Times хабар бермоқда.

Скрипаль қарийб бир йилдан буён шифокорларнинг доимий назорати остида қолмоқда. Айни вақтда 67 ёшда бўлган Скрипаль қачондир тўлиқ тузалиши, заҳарли модда таъсиридан буткул фориғ бўлиши маълум эмас. Скрипаль иши билан таниш манбаларга кўра, у яна «муайян вақт давомида» тиббий ёрдам олишда давом этади.

Газета суҳбатдошининг тан олишича, ҳеч ким Скрипалнинг тақдиридан хабардор эмас.

«Унинг танасидан заҳарли модда чиқариб ташланган, аммо унинг оқибатлари узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин», дейди Нотингем университети доценти Уэйн Картер.

Қайд этиш керакки, қизи Юлиядан фарқли равишда Сергей Скрипаль заҳарланиш воқеасидан кейин оммага кўриниш бермаган.

Daily Mail хабарида бу унинг ўлими ҳақидаги шубҳаларга асос бўла олиши айтилган, полиция эса бундай эҳтимолни рад этган.

Британия ҳукумати иддаосига кўра, Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Россия разведкаси ходимлари томонидан СССР ҳудудида ишлаб чиқарилган, асаб тизимини фалажловчи «Новичок» моддаси орқали заҳарланган. Лондондагилар бу ҳужум Россия олий раҳбарияти топшириғи асосида амалга оширилганини тахмин қилган. Расмий Москва эса бу ҳодисага алоқадорлигини қатъиян рад этган.

«Новичок» туфайли инглиз полициячиси Ник Бейли, шунингдек, оддий фуқаролар Чарли Роули ҳамда Дон Стержесс ҳам заҳарланган. Стержесс тезда вафот этган, Бейли ва Роули эса узоқ муддат давомида тикланиш жараёнини ўтаган, уларнинг соғлигига жиддий зарар етган.

Мавзуга оид