Жаҳон | 22:00 / 18.02.2019
48193
7 дақиқада ўқилади

Майдондаги жанг. 5 йил аввал Киев марказида нималар бўлган эди?

Фото: РИА «Новости /Андрей Стенин

5 йил муқаддам, 2014 йилнинг 18 февралидан 21 февралига қадар бўлган кунларда Украина пойтахти Киев шаҳрида Евромайдоннинг кулминацион воқеалари бўлиб ўтган, намойишчилар парламентни қамал қилгач, полиция билан тўқнашувлар келиб чиққан ва юздан ортиқ киши ҳалок бўлганди. Бу воқеалар ривожи Украинанинг ўша вақтдаги президенти Виктор Януковичнинг қочиб кетиши, Қрим Россия томонидан эгаллаб олиниши ҳамда Украина жануби-шарқидаги қуролли низолар авж олиб, тан олинмаган Донецк халқ республикаси ҳамда Луганск халқ республикалари ташкил этиши билан давом этади. Қуйида ўша уч кунлик воқеалар хроникаси келтирилади.

Украина ва Европа иттифоқи ўртасидаги ассоциация ҳақидаги келишув ўша вақтдаги ҳукумат томонидан тўхтатиб қўйилишига жавобан Киевда оммавий намойишлар 2013 йилнинг 21 ноябрида бошланганди. Кейинги бир неча ой давомида намойишчилар куч билан тарқатиб турилади, митинглар ўтказиш қоидалари бузилишига қарши жазо чоралари кучайтирилади, Виктор Янукович мухолифат вакиллари билан музокара ўтказади ва коалицион ҳукумат тузилишига ҳам ваъда беради. Аммо 2014 йилнинг 18 февралида вазият тубдан ўзгаради.

Ўша кун тонгида намойишчилар Майдондан Олий рада биноси томон юриш бошлашади - ташкилотчилар бу юришни «тинч ҳужум» деб аташган. Аммо бу юриш «майдончилар» ва кучишлатар тузилмалар ҳамда ҳукуматпараст намойишчилар (титушкилар) ўртасидаги жангга айланиб кетади.

Минглаб намойишчилар Институт кўчаси бўйлаб ўтишади, кейин полиция тўсиғини ёриб ўтиб, Грушевски кўчасига чиқишади, Украина ҳукумати ҳамда парламент биноси айнан шу кўчада жойлашганди.

Бу вақтда яқин атрофдаги кўчаларда - Шелковичная, Липская кўчалари ҳамда Крепостной тор кўчасида ҳам тўқнашувлар бўлиб ўтган, полициячилар ҳамда «титушкилар» намойишчиларни чекинтириб, аввалига Грушевски кўчасидаги баррикадаларни, кейин эса «майдончилар» 19 январь кунидан буён қўлда тутиб турган «Огнекрещения»ни қўлга олишади.

Мариинск паркида ҳам тўқнашувлар бўлиб ўтади ва бу ерда ҳам «майдончилар»га қарши ҳуқуқ-тартибот органлари «титушкилар» кўмагида кураш олиб боришади.

Ўша кунги тўқнашувларда ниқоблар таққан ва биталар тутган «титушкилар» «майдончилар»ни суриб ташлашади. Улар ўқотар қуроллар ишлатгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Ўшанда намойишчилар Липская кўчасидаги Регонлар партияси офисига ёнилғи тўлдирилган идишлар улоқтиришган ва бу ерда катта ёнғин юзага келганди. Ёнғин оқибатида офис ходими ҳалок бўлади.

Ўша куни кечқурун полициячилар намойишчиларни Майдон ичкарисидаги ҳукумат кварталларидан ҳам сиқиб чиқаришади, Институт кўчасидаги баррикадаларни яксон этишади. Ҳукумат томонидан аксилтеррор амалиёти деб номланган қамал бошланади.

Баррикадаларга ўт қўйилади. Майдондаги лагер ва намойишчиларнинг госпиталига айлантирилган Касаба уюшмалари уйи олов ичида қолади.

18 февраль куни Майдонда ва унинг атрофида рўй берган тўқнашувлар вақтида 18 фаол ҳалок бўлиб, 500дан ортиқ киши жароҳат олади.

19 февралга ўтар кечаси Майдонда қарама-қаршилик давом этарди. Тонгда намойишчиларга вилоятлардан қўшимча кучлар етиб келади, улар аввалги позицияларни қайтариб олишга киришади.

Қамалдан кейин мухолифат етакчилари яна бир марта Украинанинг ўша вақтдаги президенти Виктор Янукович билан музокараларга боришади. Учрашув якунларига кўра, улар Майдон бошқа қамал қилинмаслиги, тинчлик сулҳи тузилганини маълум қилишади.

Расмий манбаларга кўра, 18 февралдан 19 февралга ўтар кечаси 17 нафар «майдончи» ҳалок бўлган, 200 нафардан ортиғи жароҳатланган. «ЕвромайданSOS» жамияти фаоллари ўнлаб кишилар бедарак йўқолгани ҳақида маълумот беришган.

20 февралга ўтар кечаси Майдондаги вазият кўринишидан тинч эди. Аммо тонгда Институт кўчасида яна тартибсизлик бошланади.

Шундан кейин «Беркут» (Украина Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмалари) ва ҳарбийлар Майдонни ташлаб кета бошлашади. Намойишчилар буни Институт кўчаси бўйлаб олдинга ҳаракатланиш учун имконият сифатида баҳолашади.

Фаоллар олға интилишади ва ўқларга дучор бўлишади. Бир лаҳзада ўнлаб кишилар қурбон бўлади.

Бу вақтда Майдондагилар Касаба уюшмалар уйида чиққан ёнғинни бартараф этишганди. Майдонга эса республиканинг турли ҳудудларидан автобусларда янги кучлар келиб қўшилиши давом этарди. Майдондаги саҳнада Институт кўчасида рўй берган қонли воқеа ҳақида эълон қилишади. «Еврамайдан» қуроллана бошлайди.

Ўша куни Киевга Европа Иттифоқи делегацияси келган, улар томонларни яраштириб қўйиш учун музокаралар бошлашганди. Кун давомида ва кейинги кунда ҳам Германия, Франция ва Польшадан келган вазирлар мухолифат етакчилари ҳамда Виктор Янукович билан мулоқот қилишади.

Музокаралар давом этаётган паллада Институт кўчасида ўнлаб кишилар ўққа учганди. Расмий маълумотларга кўра, ўша хунрезлик вақтида 48 нафар намойишчи ҳалок бўлган.

21 февраль тонгида Виктор Янукович муддатидан аввалги президентлик сайловлари ўтказилишига тайёр экани ҳақида маълумот тарқалди.

Ўша куни куч ишлатар тузилмалар ва махсус техникаларнинг аксар қисми ҳукумат кварталларидан олиб кетилди. Кун ярмида президент ва мухолифат раҳбарлари ЕИ делегацияси ҳамроҳлигида инқироздан чиқиш ҳақидаги келишувни имзолашади, унга кўра 2004 йилги Конституцияни қайтариш, муддатидан аввалги сайлов ҳамда Майдондаги воқеалар бўйича текширув ўтказиш кўзда тутилганди. 

Ўша куни кечқурун Майдондагилар қурбонлар билан видолашади, уларни «Самодаги юзлик» деб аташганди.

Сиёсатчиларнинг чиқишларини намойишчилар норозилик ҳайқириқлари билан қаршилашади. Виталий Кличконинг нутқини намойишчиларнинг етакчиларидан бири Владимир Парасюк тўхтатиб қўяди, у Янукович истеъфога чиқмаса, фаоллар қуролли ҳужум бошлашини маълум қилади. Унинг бу сўзларини йиғилган минглаб кишилар қўллаб-қувватлайди. «Ўнг сектор» қуролларни топширмаслиги ва кейинги воқеалар ривожи учун масъулиятни ўз зиммасига олишини билдиради.

Намойишлар давом этаётган чоғда Виктор Янукович қўриқчилар ҳамроҳлигида аввал Харьковга учади, кейин Қрим орқали Россияга қочиб кетади.

Турли баҳоларга кўра, 2014 йилнинг 18 февралидан 20 февралигача Майдонда 80дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган. Уларнинг ёши энг кичиги 17 ёшли Назар Войтович, ёши энг каттаси 83 ёшли Иван Накончний бўлган.

20 февралдан кейин жароҳатлар туфайли яна 20 нафардан ортиқ киши вафот этган. Шу туфайли «Самодаги юзлик» атамаси келиб чиққан.

Қуйидаги фотогалереяда ўша уч куннинг энг даҳшатли кадрлари келтирилади.

Фото: РИА «Новости /Андрей Стенин
Фото: РИА «Новости /Андрей Стенин
Фото: РИА «Новости /Андрей Стенин
Фото: REUTERS
Фото: REUTERS
Фото: REUTERS
Фото: REUTERS
Фото: REUTERS
Фото: REUTERS
Фото: РИА «Новости /Андрей Стенин
Фото: РИА «Новости /Андрей Стенин
Фото: РИА «Новости /Андрей Стенин
Фото: РИА «Новости /Андрей Стенин

Мавзуга оид