Жамият | 20:16 / 20.02.2019
10503
3 дақиқада ўқилади

Барчага ташаккур. Мураккаб операцияни кутаётган андижонлик 4 ёшли Саидолимхонга кўзланган маблағ тўла йиғилди

1 февраль куни Андижон вилояти, Андижон тумани, Полосон МФЙ, Қўрғонча кўчасида яшовчи Ҳасановлар хонадонида улғаяётган Саидолимхоннинг юрак операцияси учун хайрия мақоласини эълон қилган эдик.

Болакай туғма юрак етишмовчилиги(порок сердца) билан дунёга келган. “Ўғлимиз тўрт ойлик бўлгунича касал эканлигини билмаганмиз. Оғриб қолганидан сўнг Андижон шаҳридаги Фурқат касалхонасига олиб бордик. Ўша ерда Саидолимхонни текширишиб, юраги порог эканлиги ва даволай олмасликларини айтишган. Шунда Тошкентга педиатрия марказида даволандик. Мазкур муассасага ҳар уч ойда кўрикдан ўтгани боришимиз керак бўлди. Уч ёшга тўлганида эса у ердагилар ҳам “боланинг касали мураккаб экан” дейишиб, Воҳидов номидаги республика хирургик марказига йўналтиришди. У ерда ҳам уч бора кўрикдан ўтдик. Боламни икки босқичда жарроҳлик операцияси қилиш зарур экан. Биринчиси ўпкадаги клапанни очиш, иккинчиси юрак операцияси.

Бироқ операция ўтиши учун 50 миллион сўм маблағ зарур. Бизда эса бунинг имконияти йўқ. Ўзим ҳеч қаерда ишламайман. Эрим мавсумий ишчи. Турли идоралардан кўмак сўраб бордик, ҳеч натижа бўлмаяпти. Гулдек боламизнинг кундан-кунга сўлиб бораётганидан эзилиб кетяпмиз. Ҳансирайди, қўққисдан кўкариб қолади. Бир ойда 1 миллионлик турли дори-дармон билан яшаб турибди. Бор умидимиз эҳсонли кишилардан. Кўзимизни оқу-қораси бўлган Саидолимхоннинг яшаб кетишига ёрдам беринглар”, деган эди унинг онаси Нозигул Хасанова.

Хайрия акцияси ўз самарасини бериб, кўнгли тоза, эҳсонга қодир кишилар томонидан болакайнинг биринчи жарроҳлик операцияси учун 50 миллион сўмдан зиёд маблағ йиғилди.

Айни пайтда 4 ёшли бемор болакай Саидолимхон Тошкентда текширувлардан ўтмоқда. Унинг онаси, маблағнинг йиғилишига ўз ҳиссасини қўшган барча савоб умидидаги инсонларга ўз миннатдорчилигини  қуйидагича билдирди: “Жуда кўп инсонлар ёрдам беришди. Жигарбандимнинг операцияси учун пластик картага пул жўнатган, нақд пул кўринишида кўмак берган кишиларга оиламиз номидан самимий раҳматимни  айтмоқчиман. Ҳозиргача 51 миллион сўмдан зиёд маблағ йиғилди. Яна қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳволимизни сўраган, кўнглимизни кўтарган бағрикенг инсонларга ҳам чексиз ташаккурларимиз бор”.

KUN.UZ таҳририяти хайрия акциясида иштирок этган барча эзгу ниятли, савоб умидидаги инсонларга ўз миннатдорчилигини билдиради. 

Элмурод Эрматов тайёрлади

Мавзуга оид