Жорий йил аввалида Kun.uz сайтида Тошкент шаҳрида қадимий хазина топилгани ҳақида хабар қилинганди. XIX асрда қурилган иморатлардан бирининг яширин ертўласида қидирув ишлари давомида топилган хазина 80 йиллар муқаддам йўқолгани, унинг ҳозирги қиймати 1 миллион доллардан ортиқлиги айтилганди.
Шундан сўнг бу мавзу бошқа ўнлаб сайтларда ҳам ёритилди ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир хазинанинг қиймати ҳақида айтса, кимдир топилган жойига қизиқди. Бундай топилмалар мавжудлигига ишончсизлик билан қараганлар ҳам бўлди.
Kun.uz бу масалани янада ойдинлаштириш мақсадида Ўзбекистон миллий университети тарих музейида бўлди. Сайт мухбири музей илмий ходими Муҳаммадбобур Юсупов билан суҳбатлашди.
− Мен 3 йилдирки, шу университетда иш олиб бораман. Архив, фото ва видео материалларни тўплаб бордим. Ёши улуғ олимлардан жуда кўплаб билимлар олдим.
Маълумки, ўтган асрнинг 30-йилларида университетимизда жуда оғир кунлар бўлган. Зиёлилар қатағон қилинган ва бу 50-йилларгача давом этган. Мана шу даврда университет ходимлари жуда катта хазина тўплашганди. Булар 1920 йилда Тошкентга келган афсонавий поезд, Туркистон шарқшунослик институти, Туркистон ўқитувчилар семинарияси, княз Романов саройи ашёлари ва генерал Жўрабекнинг уй музейидан йўқолган жуда ноёб коллекциялардир. Устозларимиз бу нодир буюмларни охирги марта 1949 йилда кўришган.
Ўша даврда бундай буюмлар мавжудлигини айтиш ўлим билан баробар бўлган. Одатда бундай сирни билганлар ёки ўлимга маҳкум қилинган, ёки сургун қилинган. Хазина йўқолганини кўпчилик биларди. Лекин шу вақтга қадар ҳеч ким уларни тополмай келаётганди. Биз устозларимиздан тахминий жой ҳақида маълумот олиб, қидириш ишларини бошладик.
Изланишларимиз натижасида иккита сейф топилди. Аслида 1958 йилда учта сейф бўлган. Бу сейфлар 1857 йилда Москвада ишланган бўлиб, 10 донадан ортиқ олтин қуйма ғишт, рус подшоҳларининг қиймати 6 минг рубль миқдоридаги олтин тангалари, ҳамда 5 килограммдан ортиқ соф платина ва соф кумушдан ишланган идишлар сақланган. Бундан ташқари, бу бинода Туркистон шарқшунослик институтининг ўта ноёб буюмлари ҳам тўпланган.
Видео: Mover (tas-ix)














