Ўзбекистон | 20:36 / 20.02.2019
18466
7 дақиқада ўқилади

Халқ қабулхоналари фаолияти билан боғлиқ низомлар тасдиқланди 

Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Низомга кўра, Халқ қабулхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари тузилмаси таркибига киради ва юридик шахс ҳисобланмайди. Халқ қабулхонаси ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлмайди, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда ўз номидан бошқа шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришиш ҳуқуқига эга эмас.

Низомда белгиланишича, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни татбиқ этилмайдиган, шу жумладан кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларни Халқ қабулхонаси кўриб чиқмайди. 

Халқ қабулхонасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш, шунингдек мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизими амал қилишини таъминлаш;
  • фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Ҳукуматга, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларига, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш;
  • Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис, ўз вақтида кўриб чиқилиши, шунингдек уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганишда аниқланган муаммоларнинг ҳал этилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;
  • уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганишда аниқланган муаммолар ҳамда Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган, тегишлилиги бўйича давлат органларига юборилган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш;
  • жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини давлат органларининг мансабдор шахслари иштирокида, шу жумладан видеоконференцалоқа орқали ўтказиш;
  • уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганишда аниқланган муаммолар ва мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш;
  • ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органларининг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш;
  • вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри) миқёсида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхатини кўриб чиқиш ва келишиб бериш;
  • туман (шаҳар) Халқ қабулхоналари бошчилик қиладиган секторлар штаблари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳларнинг ҳудудларни маҳаллалар ва хонадонлар (оилалар) кесимида таҳлил қилиш, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа (1 йиллик) ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантириш фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • қисқа муддатли манзилли тадбирлар режалари (“йўл хариталари”) ижросини назорат қилиш;
  • секторлар фаолиятини ҳамда маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашда, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;
  • ҳар чоракда секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашлари мажлисида муҳокама қилиш учун ахборот киритиш, ушбу ахборот юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботини эшитишда иштирок этиш;
  • давлат органларининг ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш билан боғлиқ ишларини мувофиқлаштириш;
  • давлат хизматлари кўрсатиш фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш, сайёр шахсий ва оммавий қабуллар ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;
  • жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотларни жалб қилган ҳолда ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал қилишда очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларини кўриш;
  • туман (шаҳар) Халқ қабулхоналари фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириб бориш, уларни услубий ва ахборот-таҳлилий материаллари билан, шунингдек ҳудудий давлат органлари билан ҳамкорлигини таъминлаш.

Низомда белгиланишича, Халқ қабулхонаси қуйидагиларга мажбурдир:

  • уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганишда бевосита иштирок этиш;
  • секторлар фаолияти, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш натижалари, тегишли ҳудуддаги аҳоли кайфияти тўғрисида ҳар чоракда камида бир марта Бўлинмаларга ахборот киритиш;
  • уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш натижалари, мурожаатларда кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш асосида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда уларни мунтазам равишда Бўлинмаларга киритиб бориш;
  • ўз фаолиятида қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан тасдиқланадиган локал ҳужжатлар талаблари ва қоидаларига қатъий амал қилиш;
  • мавжуд ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш, ўз дастурий-аппарат воситаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этиш;
  • белгиланган тартибда секторлар ва давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Халқ қабулхонасида мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда шахсан ёки почта алоқа воситаси орқали қабул қилинади.

Мавзуга оид