Унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахслар сайловда овоз беришлари мумкин
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан Сайлов кодекси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Таъкидлаганидек, мамлакатда сайлов масаласида Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан ташқари яна 5 та қонун қабул қилинган. Бироқ, сайлов қонунчилигининг тарқоқ ҳолда бўлганлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир қатор мураккабликлар туғдиради, фуқароларимиз томонидан уларни ўзлаштиришни қийинлаштиради. Қонун нормалари орасидаги асоссиз такрорланишларга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, сайлов жараёни ва уни ўтказиш билан боғлиқ бир қатор қоидалар қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан тартибга солинган. Қонунда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантиришга оид қоидалар назарда тутилмаган.
Қайд этилганидек, бугунги кунда озодликдан маҳрум этиш жойларида сақлаб турилган барча шахсларга сайловда иштирок этиш тақиқланган. Бироқ, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган айрим шахслар орасида, жиноят кўчасига билмай кириб қолганлар ҳам бор. Уларни конституциявий ҳуқуқларидан бири бўлмиш сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини чеклаш нотўғри бўлади.
– Кодекс фақатгина 5 та қонунни ўзаро жамлаш билан чекланмайди. Унда демократик тамойилларни ўз ичига олган қатор янгиликлар киритилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Ширинов. – Хусусан, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби қонун билан белгиланяпти. Кодексда муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш мақсадида “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланаётир. Илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низомни бекор қилиб, бу масалани қонун даражасида белгилаш таклиф этилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланмоқда.
Мавзуга оид
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024
Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди
18:26 / 16.09.2024