Жаҳон | 20:30 / 24.02.2019
33730
2 дақиқада ўқилади

Россияга муҳожирлар оқими кескин камайди

Фото: Михаил Почуев / ТАСС

2018 йилда Россияга келувчи меҳнат муҳожирлари сони камайди ва 2013 йилги минимумни такрорлади. Миграцион оқим эса (келувчилар ва кетувчилар ўртасидаги фарқ) 2005 йилги минимумгача пасайган. Бу ҳақда Росстат маълумотларида келтирилади.

Маълум қилинишича, 2018 йилда Россияга 565 мингга яқин меҳнат муҳожири келган. Миграцион ўсиш бўйича биринчи ўринда Тожикистон қайд этилган.

Аввалги 4 йил давомида Россияга миграция оқими бўйича асосий донор Украина бўлганди. Аммо 2018 йилда Россияга келувчи украинлар сони кескин камайган ва Украина бу борада учинчи кўрсаткични қайд этган (+14822 киши). Биринчи ва иккинчи ўринларни Тожикистон (+31031 киши) ва Қозоғистон (+26520 киши) банд этган.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони бўйича биринчи ўринда Ўзбекистон қайд этилган, РФ ИИВ маълумотига кўра, 2018 йилда 4,5 миллион нафар атрофидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири сифатида рўйхатдан ўтган (бир киши бир йилда 4 мартагача ҳисобга кириши ва чиқиши мумкин - таҳр.), 3,25 миллион киши ҳисобдан чиққан (сальдо - 1,25 миллион киши). Иккинчи ўринда Тожикистон қайд этилган: 2,33 миллион киши рўйхатдан ўтган, 1,53 миллион киши ҳисобдан чиққан (сальдо - 800 минг киши).

РБК материалида қайд этилишича, миграцион оқим пасайиши - Россия меҳнат муҳожирлари учун «жозибадорлигини йўқотгани» билан изоҳланмоқда. Хусусан, украиналикларнинг Россияга оқими кўрсаткичлари пасайишига Украина жануби-шарқидан мажбурий миграция тўхтагани сабаб сифатида кўрсатилган.

2018 йилда Россияни 440 минг киши тарк этган, бу эса кейинги йиллардаги энг юқори кўрсаткичдир. Бу миқдор нафақат Россия паспортига эга кишиларни, балки Россияда яшаб келган меҳнат муҳожирларини ҳам ўз ичига олади.

Маълумот учун, Россия Федерал миграция хизмати маълумотларига кўра, 2014 йилда Россияда 2 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик бўлган. 2016 йилнинг январида эса Россияда Ўзбекистон фуқаролари сони камайишда давом этаётгани ва уларнинг сони 1,78 миллионга яқинни ташкил этиши айтилганди.

Мавзуга оид