Албатта, қамоқхона ўз номи билан қамоқхона. Унга тушгулик қилмасин. Лекин жаҳонда шундай даҳшатли қамоқхоналар борки, улардаги шароитлар билан танишган киши қаттиқ таъсирланади, ҳатто у ерларда сақланаётган оғир жиноятчиларга ачинади ҳам.

Бу мавзу бўйича турлича маълумотлар учрайди. Қамоқхонадаги ўринлар сонига нисбатан маҳкумлар сони, ўлим кўрсаткичи, тасдиғини топган қийноқлар ва исёнлар каби кўрсаткичлар бўйича рейтинг қуйидагича кўриниш олган.

10. Россия. «Владимирский централ»

Фото: caak.mn

«Владимирский централ» Россиянинг энг йирик қамоқхонаси бўлиб, у ҳақида қўшиқлар куйланган, асарлар ёзилган, фильмлар ишланган. Москвадан 1600 километр масофада жойлашган бу масканга 1783 йилда асос солинган. Уч асрни кўрган бу қамоқхонада жуда кўплаб сиёсий маҳбуслар, оғир жиноятчилар сақланган ва сақланмоқда. Бу даргоҳдаги маҳкумнинг ўртача муддати 10 йилга тўғри келади. Кўпчилик маҳкумлар умрбод қамалишлари ҳам мумкин. Маҳкумларни қийноққа солиш, психологик таъсир ўтказиш, зўрлаш бўйича ниҳоятда кўп маълумотлар тарқалган. Айрим маҳкумлар ўз қонлари билан мактублар битишган.

9. Венесуэла. «Ла Сабанета»

Фото: news4.vnay.com

Венесуэланинг Маракайбо шаҳрида жойлашган бу қамоқхонада 150 маҳкумга бир нафаргина соқчи тўғри келади. 15 минг кишига мўлжалланган бу қамоқхонада 25 мингдан ортиқ турли айбловлар билан қамалган жиноятчилар сақланади. Табиийки, уларга ўринлар етишмайди, санитар аҳвол ўта абгор, оғир касалликлар кўп тарқалади. Коррупция ниҳоятда урчиб кетган, бадавлат маҳкумлар ўзлари учун етарли шароит яратиб олади, камбағаллари эса очлик ва хўрликка маҳкум.

1994 йилда бу қамоқхонада бир-бири билан рақобатда бўлган гуруҳлар тўқнашуви натижасида 108 киши шафқатсизларча ўлдирилган.

8. АҚШ. «ADX Florence Supermax»