6 июлдан маҳкумларнинг қариндошлари билан учрашувлари вақтинча тўхтатилди — ИИВ
6 июлдан бошлаб, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан узоқ ва қисқа муддатли учрашувлари вақтинча тўхтатилди, деб маълум қилди ИИВ Жазони ижро этиш департаменти.
Расмий хабарда таъкидланишича, бекор қилинган учрашувлар ўрнига уларнинг илтимосига қараб, телефон орқали сўзлашувлар ташкиллаштирилади.
Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг адвокат, терговчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан учрашувлари карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда, махсус хоналарда ташкил этилиши маълум қилинган.
Ўзгаришларга республикадаги коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият ёмонлашгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Қайд этилишича, Республика махсус комиссиясининг қарори ва тавсиясига асосан, мамлакатдаги ЖИЭМларнинг барчасида карантин тартиби кучайтирилган.
Жазо муддатини ўтаётган шахсларга жўнатиладиган посилка, йўқлов ёки бандероллар почта хизматлари орқали қабул қилинади.
Аввалроқ, 26 май куни Тошкент шаҳридаги 23-сонли маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонага ташриф буюрган омбудсман Феруза Эшматова бошчилигидаги экспертлик гуруҳи билан учрашув чоғида ИИВ Жазони ижро этиш департаменти тиббий бўлими бошлиғи Баҳодир Юсупов йил бошидан бери қамоқхоналарда COVID-19’га чалиниш ҳолатлари қайд этилмаганини айтган эди.
2020 йилда Ўзбекистондаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 9 фоизи коронавирусга чалингани, шунингдек, 2 нафар оғир бемор муддатидан аввал озод этилгани маълум қилинганди.
Мавзуга оид
08:59 / 18.12.2024
Маҳкумларга масофавий видеоучрашув ҳуқуқи берилади
17:13 / 05.12.2024
Хориждаги маҳкумларни Ўзбекистонга қабул қилиш тартиби белгиланди
15:49 / 02.11.2024
Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 68 нафар маҳкум тўғри келмоқда
12:30 / 25.10.2024