Жамият | 22:08 / 26.02.2019
15457
5 дақиқада ўқилади

Танқидга муносабат: Муаммолар гирдобида қолган Боғи Эрам қишлоғида қандай ўзгаришлар бўлди?

Kun.uz сайтида 14 февраль куни «Андижондаги «унутилган» маҳалла аҳолиси қандай кун кечиряпти ёхуд «Маҳалламиз номини ўзгартириб беришсин!» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди. Унда Андижон тумани, «Хирабек» МФЙ, Боғи Эрам қишлоғидаги ичимлик суви, болалар боғчаси, тиббиёт муассасаси муаммолари, ҳудуддаги аҳоли бандлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар масалаларига оид камчиликлар ёритилганди.

Мазкур мақола кенг омма эътиборига ҳавола қилингач, Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятнинг турли соҳа мутасаддилари билан ҳудуддаги муаммоларни ўрганиб чиқиб, аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув давомида аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ белгиланган режа бўйича иш олиб бормоқда.

Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов ҳудудда бир қатор ишлар якунига етгани ҳақида маълумот берганидан сўнг, Боғи Эрам маҳалласига бордик.

Дарҳақиқат, маҳаллада ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш бўйича ўтган ўн кун давомида катта ишлар олиб борилган. Боғи Эрам ҳудуди адирнинг юқори қисмида жойлашгани сабабли, маҳалладан 6 километр пастга 200 метр баландликка сув отиш қувватига эга 45 кВтли сув насоси ўрнатилиб, унинг атрофини қўрғон девор билан ўраш ишлари якунига етган. 6 километр масофага сув тармоғи тортилиб, маҳалланинг асосий кўчаларига жадвал асосида ичимлик суви бериш бошланибди. Кичик кўчаларда қувур ётқизиш ишлари давом этмоқда. Сув тармоғи бир маромда ишлаши учун қўшимча 200 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилган. Маҳалладаги сув иншооти ишга тушиб, атрофи қўрғон девор билан ўралган.

«Боғи Эрамда ўзгаришлар жуда катта. Маҳалламизга ичимлик суви етиб келди. Вилоят ҳокими билан бўлган учрашув давомида, бошқа йиғилиб қолган бир қатор муаммоларимизни ҳам айтган эдик, улар ҳам ҳал бўлди»,- дейди фахрий ўқитувчи Мукаррамхон опа Йўлдашева.

Фахрий муаллима айтганидек, вилоят ва туман ҳокимлигининг тезкор ҳаракатлари натижасида маҳаллада яшовчи Муроджон Отахонов ўз яшаш жойида 25 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этибди. Боғчага тарбияланувчилар учун қаттиқ ва юмшоқ мебель жиҳозлари олиб келиниб, ўқув хоналари, дам олиш хоналари ва бошқа барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. МТМ бугунги кунда болаларни қабул қилишга тайёр ҳолатда.

Вилоят ҳокими билан бўлган учрашув давомида, аҳоли томонидан кўтарилган масалага эътибор қаратилиб, маҳалладаги мавжуд 50-умумтаълим мактабида ҳам 800 миллион сўмлик реконструкция ишлари бошланган. Мактабнинг иситиш тизимини янгилаш, спорт майдончасини таъмирлаш, том қисми ва эшик ромларини янгилаш, ҳудуд атрофини қўрғон девор билан ўраш, ҳожатхона биносини қуриш ишларига 3та қурилиш ташкилоти жалб қилинган. Айни пайтда ўқув даргоҳининг том қисми ёпилган ва таъмирлаш ишлари авж паллага кирган.  

Ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаро - Моҳинур Мамазоитованинг яшаш шароити ўрганилиб, айни пайтда икки хонали уй қуриш ишлари бошланган. Ҳозирги кунда иншоотнинг пойдевори қуйиляпти. Туман ҳокимлиги вакилининг билдиришича, оила Наврўз байрами куни янги уйга кўчиб кириши режалаштирилган. Бундан ташқари, Мамазоитовага ижтимоий ёрдам пули ажратилган.

Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш учун маҳалла ҳудудида тиббиёт хонаси ҳам ташкил этилган.

Маҳалла ҳудудидаги лалми ерларда деҳқончилик билан шуғулланиш учун фуқаролар – С. Қосимова, А. Ҳамид ўғлига, А. Рўзиматов, Н.Адаҳамжонов, У. Қосимовга вақтинча фойдаланишга туман ҳокимининг ер участкалари бериш тўғрисида фармойиши қабул қилинган.

Боғи Эрамда истиқомат қилаётган ёшу-қарини яна бир янгилик хурсанд қилган. Қаровсиз ҳолга келган собиқ совхоз идора биноси таъмирланиб, текстиль фабрикаси фаолиятини бошлар экан. Айни пайтда бинонинг том қисмида ишлар бошлаб юборилган.

Маҳалланинг катта-кичиги тўпланган жойда бўлдик. Отахонлар ва онахонлар чин кўнгилдан дуо қилишди.

Матбуотда чиққан ҳар бир танқидий, таҳлилий мақолани ўқиб, ундан хулоса чиқариб, камчиликларни тезкорлик билан ҳал қилиш халқ дардига малҳам бўлишдир. Чунки, мухбир кундалик иши, топшириқлари жуда ҳам кўп бўлган мутасаддиларимизга уларнинг нигоҳидан четда қолган муаммони халқнинг мурожаати билан бориб кўрсатиб беради.  

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид