Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳукмрон «Нур Отан» партиясининг XVIII қурултойида сўзлаган нутқининг тўлиқ матни эълон қилинди. Бу ҳақда Tengrinews хабар қилмоқда.
Қурултойда Назарбоев янги замон янгича чақириқларга чорлаётгани, атрофдаги дунё эса тобора перманент турбулентликка шўнғиб бораётганини қайд этган.
«Бу келажак олдида умидсизлик ва қўрқувга тушиш учун сабаб бўла олмайди асло. Ҳар қандай кризислар кескин ўзгаришларга сабаб бўлади, лекин шу вақтнинг ўзида ўсиш учун муҳит яратади ва янги имкониятлар эшигини очади. Муҳими — ривожланишнинг тўғри йўналишини белгилаб олиб, олдинга қўйилган мақсадлар йўлида бутун жамоатчиликни бирлаштира олиш», — деди Нурсултон Назарбоев.
«Биз ривожланиш учун маблағларни тежамасдан, ёрдамга муҳтож қатламга кўмак беришимиз керак. Ҳукумат бу мақсадларга ажратилаётган маблағларни тўғри тасарруф этиши керак. Ижтимоий сиёсат мувозанатлаштирилган бўлиши ва боқимандалик кайфияти ҳосил бўлишига йўл қўймаслиги керак», — деди Назарбоев
Қозоғистон президенти давлатнинг бош мақсади одамларга иш бериши эканлигини таъкидлаб ўтди. Давлат ёрдами эса алоҳида кўмакка муҳтож шахсларга берилиши ва манзилли бўлиши керак.
«Мен ўзим шахсан ажратилаётган барча маблағлар ҳар бир оилага, муайян инсонга етиб боришини назорат қиламан! Менинг топшириғимга кўра партия бугун халқимизни айниқса ташвишга солаётган муаммоларнинг таҳлилини ўтказди. Уларнинг орасида болалар учун нафақа пули миқдорини ошириш, кўп фарзандли оилаларнинг шароитини яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш», — деди Назарбоев.
Кўп фарзандли оилаларга маошни ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш
Назарбоевнинг фикрича, партия уч йўналиш бўйича ижтимоий сиёсат олиб боради. Бу аҳолининг кам таъминланган қатламлари даромадларини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш, даромади паст бўлган фуқароларнинг уй-жой масалаларини ҳал қилиш ҳамда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини яхшилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш.
«Бугун Қозоғистон оилаларининг турмуш шароитини яхшилашимиз керак. Бу соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя, маданият, спорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда меҳнат қилаётган 1 миллиондан ортиқ фуқаролар дегани. 2019 йилнинг 1 июлидан бюджет соҳасининг кам маош тўланувчи ходимларининг ойлик иш ҳақини 30 фоизга, район ва область даражасида бевосита фуқаролар билан ишлаётган қуйи табақадаги ходимларнинг маошини эса ўртача 25 фоизга оширишни буюраман.

















