2019 йил 27 февраль куни Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва комиссиясининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда парламент юқори палатасининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг бўлиб ўтган мажлисида “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг Тошкент вилоятида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Мажлисда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича Тошкент вилоятида қатор ишлар амалга оширилганлигига қарамай, соҳада қатор камчилик ва муаммолар мавжудлиги қайд этилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

Жумладан, Қонуннинг 10-моддасида аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни амалга оширувчи ташкилотлар тегишли объектларни ногиронларнинг тўсқинликсиз кириши имконини берувчи махсус мосламалар билан жиҳозлашни таъминлаш белгиланган бўлишига қарамасдан вилоятда бекатлар, светофорлар ва пиёдалар йўлакчаларини махсус мосламалар билан жиҳозлаш бўйича ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаган.

Фото: senat.uz

Шу билан бирга, масъул давлат органлари ўртасида ногиронлар тўғрисидаги статистик маълумотларни юритиш механизми такомиллашмаган, вазирлик ва идораларнинг ягона маълумотлар базаси яратилмаган. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 2019 йил 1 январь ҳолатига Тошкент вилоятида 47598 нафар ногирон бўлса, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маълумоти бўйича - 48225 нафар, Давлат статистика қўмитасининг маълумоти бўйича эса - 55430 нафар ногирон мавжуд.

Ногиронларнинг бандлигини таъминлаш ишлари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган, бу борада аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмаган.

Хусусан, ногиронларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 2018 йил давомида Бандликка кўмаклашиш марказларига вилоят Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан жами 1109 та тавсия берилган бўлса-да, уларнинг бор йўғи 56 нафари (5 фоизи) ишга жойлашган, холос.

Ногиронларни реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедик маҳсулотлар билан таъминлаш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган. Ушбу маҳсулотлар билан ногиронларни таъминлаш даражаси ўртача 35 фоизни ташкил этмоқда.