Сенатор аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда пайдо бўлган жиддий таҳдидни маълум қилди
Ер билан боғлиқ муносабатларда янада аянчли ҳолат ер ажратиш тартиби бузилаётганида, деб ҳисоблайди сенатор Турғун Искандаров.
28 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг XVIII ялпи мажлисида ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши масалалари кўриб чиқилди.
«Бунинг оқибатида қишлоқ хўжалигидаги суғориладиган ерлар муомаладан чиқиб кетмоқда. Бу эса сон жиҳатдан ўсиб бораётган аҳолини озиқ-овқат ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашда жиддий таҳдид солмоқда», – дейди сенатор.
Прокуратура органлари томонидан 2018 йилда ўтказилган назорат тадбирларида бир минг 830 та ҳолатда мансабдор шахслар томонидан 30 минг 755 гектар ер майдонлари ноқонуний ажратилганлиги аниқланган.
Шу боис Жиноят кодекси янги қонун билан «Ер бериш тартибини бузиш» деб номланган 229-4-модда билан тўлдирилмоқда.
Унга кўра, ер бериш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча киритилмоқда. Кодекс 60-моддаси диспозициясидаги «худди шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш» деган сўзлар чиқариб ташланмоқда.
«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилмоқда. Яъни, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади», – дейди сенатор.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи маротаба содир қилган шахс, агар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади.