Жамият | 22:32 / 24.05.2019
6985
2 дақиқада ўқилади

Сенатор: чиқинди полигонларини қуришга ажратилган маблағлар талон-торож қилинган

Ҳудудларда чиқинди полигонларини қуришга давлат бюджетидан ажратилган маблағлар талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда жорий йил 23 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида маълум қилинди.

Мажлисда сўзга чиққан Сенат аъзоси Турғун Искандаров «Чиқиндилар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ҳудудларда ижро этилиши юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларини баён этди.

Хусусан, 2014–2018 йилларда соҳага жами 541 миллиард 600 миллион сўм давлат бюджет маблағлари сарфланган бўлиб, шундан 129 миллиард 300 миллион сўм, яъни 24 фоизи янги полигонларни қуриш, мавжудларини тартибга солиш ва уларни махсус техника билан жиҳозлаш ишларига ажратилган.

Бироқ, «Тоза ҳудуд»  ДУКнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Хоразм, Андижон, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари филиалларида бюджет ҳамда бошқа маблағларни мақсадсиз сарфлаш ҳолатларига йўл қўйилган. Мисол учун, Самарқанд вилояти Жомбой, Булунғур ва Оқдарё туманлари ҳудудида жойлашга полигонларга кириш йўлларини қуриш учун ажратилган 135 миллион 600 минг сўм миқдордаги маблағ талон-торож қилинган.

Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам чиқинди йиғиш полигонлари қурилишида 8 ҳолатда жами 466 миллион сўм маблағ ушбу мақсадга йўналтирилмаган.

Мавзуга оид