Ўзбекистон | 23:49 / 01.03.2019
67114
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов Намангандаги «Обод қишлоқ» дастури учун 50 млн доллар ажратади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида россиялик миллиардер Алишер Усмонов ҳудуд учун қилган ишлар ҳақида гапирди.

1 март куни Наманган шаҳрида вилоят фаоллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар, тадбиркорлар, ёшлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Kun.uz манбаси хабар қилишича, йиғилиш давомида президент Наманганда Алишер Усмонов номидаги «Youth Business Center»номли бизнес марказ қурилиши, Ўрта Осиёда муқобили бўлмайдиган бу бизнес марказида хорижлик мутахассислар ёшларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиши йўлга қўйилиши ҳақида гапирган.

«У (Алишер Усмонов - таҳр) бу ерда замонавий бизнес марказ ва бизнес мактаб очади. Дунёга машҳур тадбиркор ўзига ўхшаш ёшларни тарбиялашда ёрдам беради. Бу иш учун хорижлик мутахассислар жалб этилади», деган президент.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев россиялик миллиардер томонидан Наманган вилоятига «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилиши учун 50 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам ажратилиши ҳақида маълум қилган. 

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 29 августида асли келиб чиқишига кўра наманганлик бўлган миллиардер Алишер Усмоновни «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлаш ҳақида фармонини имзолаган эди. 31 август куни Алишер Усмонов ушбу орденни Президентнинг шахсан ўзидан қабул қилиб олганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид