Каттақўрғон шаҳридаги «Нурафшон» маҳалласи аҳолиси Kun.uz таҳририятига бир неча муаммо юзасидан мурожаат қилди.
Мурожаатда ёзилишича, маҳалла аҳолисини табиий газ йўқлиги, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, ичимлик суви, маҳаллага яқин жойлашган бозордан чиқаётган чиқиндилар, зовурларга сув тўпланиши каби муаммолар қийнаб келмоқда.
Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида «Нурафшон» маҳалласида бўлдик ва аҳолининг юқоридаги масалалар бўйича эътирозларини тингладик.

«Маҳалламиздан «Сиплон» ариғи оқиб ўтган. Шу ариққа сув тўплангандан кейин уйларга захи уради. Бетон пойдевор ва деворлар кўчиб тушяпти. Ерлар шўрланганидан томорқамизда ҳеч нарса унмайди. Кўчаларимиз абгор. Электр токи кунига ўн икки соатлаб ўчади. Ичимлик сувини 3-4 километр наридан олиб келамиз. Табиий газ йўқ. Сотиб олинаётган кўмир эса сифатсиз. Маҳалла аҳолиси шундай муаммолардан қийналиб яшамоқда. Қолаверса, маҳалла яқинидаги бозордан чиққан чиқиндилар зовур яқинига тўкилади. Унинг ҳидига чидаб бўлмайди. Ёзнинг иссиқ кунларида чиқиндилар туфайли пашша-ю чивинлардан ҳам озор кўрамиз. Шаҳар марказида жойлашган маҳалладаги аҳволни кўриб турибсиз», – дейди маҳалланинг бир гуруҳ фаоллари биз билан суҳбатда.
Аҳоли эътирозлари асосида ушбу ҳолатларни кўздан кечирдик. Маҳалла яқинидан оқиб ўтган «Сиплон» ариғида қазиш ишлари бошланган бўлса-да, айни вақтда ишлар тўхтаб қолган. Айрим фуқаролар томонидан ариқ кўприклар ва ноқонуний қурилишлар ўзбошимчалик билан қуриб олинган. Бунинг натижасида ариққа сув тўпланиб, уйларга зиён етказмоқда. Бетон фундамент ва деворлар кўчиб тушаётганини кўриш мумкин. Шўрланган ер туфайли ҳақиқатан ҳам томорқага бирор нарса экилмаган.




Ўрганиш жараёнида маҳаллага етиб келган Каттақўрғон шаҳри ҳокимининг қурилиш ишларига масъул ўринбосари Даврон Раҳмонов ва бошқа тегишли ташкилотлар мутасаддиларидан мавжуд муаммолар юзасидан изоҳ сўрадик.
«Кўриб турганингиздек, ушбу ариқни кенгайтириш мақсадида қазиш ишлари бошланган эди. Аммо фуқаролар томонидан ноқонуний равишда қуриб олинган қурилишлар ва кўприклар туфайли тўхтаб қолди. Аҳолига тушунтиришларимиз наф бермаяпти. Энди белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрамиз», – дейди Д.Раҳмонов.





















