Light | 22:44 / 05.03.2019
22184
3 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг митти шаҳарлари бўйлаб саёҳат

Айрим кишилар ҳаёт қайнаб тошган шовқинли шаҳарларга саёҳат қилишни ёқтиришади, бошқалар эса кичик манзилгоҳларга ташриф буюришни афзал кўришади. Бу каби шаҳарчалар ўзининг сокинлиги, файзи, урф-одатлари ва ёрқинлиги билан киши эътиборини жалб этади. Келинг, кичик шаҳарларга отланган сайёҳлар ортидан бориб, дунёнинг энг митти шаҳарчаларини томоша қиламиз.

Италия билан чегарадан шимолроқда Швейцариянинг энг машҳур дам олиш масканларидан бири – Церматт жойлашган. У баланд тоғ ёнбағирлари билан ўралган чуқурчада жойлашган. Қишлоқчада 5,5 минг киши яшайди.

Хитойнинг Яншо қишлоқчасига кўплаб сайёҳлар ташриф буюришга ҳаракат қилишади. Уларни улкан ғорларга эга бўлган тоғлар, гўзал манзарали қирғоқлар, маҳаллий аҳоли шуғулланадиган балиқ ови ўзига жалб этади.

Юзлаб йиллар муқаддам қурилиб, ёрқин рангларга бўялган бинолар Италиянинг Венеция шаҳридаги мавзе бўйлаб саёҳат қилувчиларда ёқимли таассурот уйғотади. Бурано – сув каналлари билан ўралган Венециядаги кичик мавзе. Ўйинчоқларга ўхшаб кўринадиган уйлар деразалари тагида шаҳарда ҳаракатланишнинг ягона усули бўлган арқон билан боғланган қайиқлар туради. Бу ранг-баранг туманда 2,5 минг кишидан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Хитойга келган сайёҳларга “Аждар тизмаси” завқ беради. Бу гуруч плантациялари баланд тоғ зинапояларида жойлашган. Уларнинг охири йўқдек кўринади. Бир неча юз метрга кўтарилган киши кўз ўнгида ақл бовар қилмас манзара гавдаланади.

Словениядаги Блед шаҳарчаси айнан шу номдаги кўл қирғоғида жойлашган. Жойнинг сокинлик ва ҳаловатга бурканган муҳити кишини лол қолдиради. Беш минг киши яшайдиган уйлар қадимий қалъа деворларига ёпишгандек туюлади. Черковнинг найзасимон учи қорли тоғлар фонида эртаксимон таассурот уйғотади.

Гренландияда аҳоли зич жойлашган ерлар кам. Бор-йўғи 3 минг киши яшайдиган ғаройиб Какорток шаҳарчаси Гренландия жанубидаги йирик шаҳар саналади. Аҳоли сони бўйича оролда тўртинчи ўринни эгаллайди.

Илгари Тайваннинг Жифуен шаҳрида олтин қазиб олинган. Қимматбаҳо метал тугамагунича бу жой гуллаб-яшнашда давом этди. Бироқ ғаройиб жойлашув, бетакрор бино, маданий анъаналари шаҳарни жозибадор сайёҳлик марказига айлантирди. Сайёҳлик компаниялари ҳам жойнинг оммалашувида катта ҳисса қўшишди.

Австриянинг Гальштат коммунасида бор-йўғи 900 киши яшайди. Бироқ тоғ тизмалари бўйлаб жойлашган қишлоқ уйларини томоша қилиш ва катта шаҳарлар шовқинидан дам олиш истагида бу ерга ташриф буюрувчилар сони кўп.

Норвегиянинг Рейне қишлоғида бор-йўғи 350 киши яшайди. У Лофонтен оролларидан бирининг қирғоғида жойлашган.

Фарер оролларидаги Гасадалур қишлоғидаги уйларда йигирма нафардан камроқ одам яшайди. Бироқ бу ердаги гўзаллик ва сокинлик жуда ғаройиб!

Мавзуга оид