Спорт | 14:30 / 06.03.2019
17110
2 дақиқада ўқилади

Забиҳулло Ўринбоев ҳам легионерга айланди

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзоси Забиҳулло Ўринбоев «Пахтакор»ни тарк этиб, Японияга йўл олди.

Футбол агенти Санъат Шарипов ўз твиттерида маълум қилишича, 23 ёшли ҳужумчи Жей Лигаси (J2-лига) иштирокчиси бўлган «Токушима Вортис» билан 2 йиллик шартнома имзолаган.

Ҳозирда шартноманинг бошқа тафсилотлари маълум эмас.

Қайд этиш керакки, футболчи «Пахтакор» билан 2 йиллик шартномага эга эди.

2018 йилнинг ёзида Ўзбекистон U23 термасининг сардори сифатида Осиё чемпионатида иштирок этган Забиҳулло Ўринбоевга Япониянинг «Ви-Варен Нагасаки» клуби ҳам жиддий қизиқиш билдирганди.

Маълумот учун, Забиҳулло Ўринбоев «Бунёдкор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2013-2016 йилларда «Бунёдкор», 2017 йилда ОКМК шарафини ҳимоя қилган, 2017 йилдан буён «Пахтакор» аъзоси бўлган футболчи 2018 йилги мавсумни «Металлург»да ижара асосида ўтказганди.

У 2011 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистон U17, 2014-17 йилларда Ўзбекистон U20, 2016 йилдан бошлаб U23 терма жамоаларида ўйнаган, 2018 йилда илк бор Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирув олганди.