Жаҳон | 20:40 / 09.03.2019
30299
6 дақиқада ўқилади

Жиноятчи эгизакларнинг бирини бошқасидан қандай фарқлаш мумкин?

Жиноятда айбдорни топиш осон иш эмас. Агар жиноятда гумон қилинаётган шахснинг эгизаги бўлса, айблов томони анча тер тўкишга мажбур бўлади. Бундай ҳолларда, ДНК таҳлили ҳам ёрдам бермаслиги мумкин, чунки эгизакларнинг қон таҳлили айрим ҳолларда бир хил чиқади. 

2009 йил 25 февралда Берлин шаҳрида шов-шувли жиноят иши содир этилди. Қимматбаҳо тақинчоқлар савдосига ихтисослашган Kaufhaus Des Westens​ дўконига уч нафар ниқобли ўғрилар бинодан томидан кириб, 5 миллион евро қийматидаги буюмларни олиб кетган.

Полициянинг омади келиб, ўғриларнинг бири қўлқопсиз ҳаракатланганда, ДНК изи қолиб кетганини топди. Расмий базада бу маълумотлар эгизак Аббос ва Ҳасанга тегишли экани маълум бўлади. Гумондор аввал ҳам ўғирлик қилгани учун қўлга олинганди. Аммо тергов ишида муаммо пайдо бўлди.

Терговчилар эгизакларнинг қай бири жиноятга қўл урганини аниқ исботлаб беришга қодир эмасди, юқори технологиялар асосида ДНК таҳлилини ўтказиш анча қиммат туради, айбланувчининг жиноятни содир этганини исбот қилувчи бошқа далил ҳам йўқ. Айблов кимга нисбатан эълон қилиниши ҳам номаълум эди: жиноятчи Аббосми ё Ҳасан?

«Топилган далилга кўра, эгизакларнинг бири жиноятга қўл ургани бўлиши тайин. Аммо улардан қай бири эканлигини аниқ тасдиқлай олмаймиз», — дея таъкидлади суд.

Эгизаклар эса кўрсатма беришдан бош тортди. Суд уларни қўйиб юборишдан бошқа танлови қолмаганди. Ака-укалар журналистлар қаршисида «ҳуқуқий ривожланган давлатда яшаётганидан хурсанд»лигини билдирган.

Бундай вазиятлар кам юз беради, аммо полиция ва суд ишида муаммо ҳал қилинмаганди.

Канадалик жиноят ишлари бўйича юрист, Нью-Йорк университети ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси Рикардо Федериконинг таъкидлашича, ДНК кимнингдир айбли ё айбсизлигини исбот қилувчи универсал инструмент эмаслигини аён бўлди.

«Тергов давомида илмий методнинг камчиликка йўл қўйиши истисно этилмайди. Бу масалада муаммо аввалдан ойдек равшан: суднинг қаршисига бир хил ДНК сақловчи эгизакларни ўтқизиб, жиноятчини танлашга мажбур қила олмайсиз»​, —​ дейди у.

Одатда эгизакларни танадаги алоҳида белгиси, масалан татиуровка ё тиртиқ, билан таниб олиш мумкин. Шунингдек, бармоқ изи ҳам эгизакларда турлича бўлади.

2003 йил Чикагода кўча гуруҳларидан бирининг аъзоси отиб кетилганди. Қора кийимдаги жиноятчи бир кишини отиб, иккинчи нишондаги кишини жароҳатлаган. Гумондор тез орада қўлга тушди  —​ у рақобатчи гуруҳнинг аъзоси Кевин Дюгар бўлиб чиқди. Суд уни қамоққа жўнатди. Аммо орадан кўп йиллар ўтиб, Кевиннинг эгизаги Карл Смит ўтмишдаги жиноятни у содир этганини тан олди.

Бошқа жиноятларни содир этганлиги учун умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Смит «виждон азоби билан ҳақиқатни тан олишга мажбур» бўлгани ҳақида гапирди. Гарчи гувоҳлар Кевинга ниқтаб, кўрсатма берган бўлса-да, назарий жиҳатдан бу Смит бўлиши ҳам мумкин эди.

Шунга қарамай, судья ишни қайта кўриб чиқишни рад этди. Суд ажримига кўра, Смитнинг йўқотадиган ҳеч нимаси қолмаган, шу туфайли жазони ўтаётгани эгизагига ёрдам беришга қарор қилган. 

​Тарихда гумондор сифатида қўлга олиниб, аниқ жиноятчини фарқлаш имкони бўлмагани учун озодликка чиқарилган эгизаклар кўп учрайди. Масалан, ўтган асрнинг 50-йиллари АҚШда ака-ука Чарльз ва Жорж Финн иши анча оммалашган. 

Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари, собиқ ҳарбий учувчилар хусусий авиакомпания тузишни ўйлаб қолади. Армия ҳисобидан чиқарилган транспортларни сотиб олган ака-укалар федерал ҳукумат томонидан ноқонуний келишувни амалга оширганликда айбланади. Эгизаклар самолётни қайтариб бермайди, улардан бири транспортни Невада чўлларига яширади. 

Федерал тергов бюроси самолётни топганда, эгизакларга нисбатан жиноий иш очилади. Фақат суд қасамхўрлари жиноятчиларни фарқлай олмайди, шу туфайли эгизаклар озодликда қолади.

Бир неча йиллар аввал Eurofins немис компанияси эгизаклар ДНК таҳлили ўртасидаги фарқни топишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Танадаги генлар бир хил бўлишига қарамай, йиллар давомида уларнинг мутацияга учраб, шаклланиб бориши истисно этилмайди. Таҳлилда аниқланган мутация жиноят жойидан топилган далиллар билан солиштирилганда, фарқлар келиб чиқади. 

Янгилик зўрлик ишлатган, эгизаги бор гумондор ишини олиб бораётган америкалик эътиборини тортди. 2004 йили содир этилган жиноятда гумондор сифатида қўлга олинган Дуэйн Макнейр ДНК таҳлили айбдорнинг кимлигига аниқлик киритди, фақат Дуэйннинг эгизаги ҳам бор эди. Назарий жиҳатдан жиноятни унинг акаси содир этган бўлиши ҳам мумкин.

Кейинроқ, яна бир айбланувчи қўлга олинди, у дарҳол Макнейрга қарши кўрсатма берди. Шунга қарамай, прокурор айблов учун етарли далилга эга эмасди. Шунда тергов органи Eurofins​ компаниясига мурожаат қилишга қарор қилди. Ўшанда компания хизмати 100 минг долларга баҳоланган.

Компания ўтказган ДНК таҳлили жиноятни айнан Дуэйн Макнейр содир этганига ишора қилди. Макнейр ҳимоячиси ушбу таҳлил тажриба-синов тариқасида ўтказилгани учун натижани далил сифатида қабул қилинмаслигини сўради.  Суд барибир етарли асос ва далил мавжуд эмас, деб топди. Макнейрнинг айбини исботловчи бошқа далиллар ҳам топилди, у жазосини олди, бироқ суд таҳлил натижасини тан олмади.

Eurofins​ хизматидан шу пайтгача фақат бир марта фойдаланилган ҳолатда суднинг ҳақиқий қарори кучга кирган. У Германиядаги оталикни белгилаш бўйича суд иши эди. Аммо эгизакларнинг жиноятини исботлаш ҳануз жумбоқли вазифалардан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид