Жамият | 18:15 / 11.03.2019
8348
4 дақиқада ўқилади

Йилига 3 миллионга яқин киши ичкилик туфайли вафот этмоқда

Фото: Vice.com

Алкоголизм, яъни ичкиликбозлик шу қадар кўҳна иллатки, инсоният яралганидан буён мавжуддай туюлади. Бу тахминда жон бор — чунки қадимги суратларда ҳам одамлар май ичиб сарҳуш бўлгани акс этган. Шу билан биргаликда, инсоният бор экан, бу иллатга қарши кураш ҳам давом этаверади. Фақат ютуқлар ҳар хил бўлади.

2000 йилда дунё бўйлаб 140 миллион киши алкоголизмга чалингани, 2010 йилга келиб бу кўрсаткич 208 миллион кишига етгани қайд этилган. Аҳвол шу тарзда давом этса, 2050 йилда аҳоли сони 9,5 миллиард кишига етгани ҳолда 500 миллион киши бу иллатга чалинган бўлади. Шунингдек, йилига 2,8 миллиондан ортиқ киши мастлиги туфайли шикастланиб ёки заҳарланиб вафот этади. Янада аянчлиси уларнинг 15 фоизи 15 ёшдан 29 ёшгача бўлганлардир.

Айни пайтда дунё бўйлаб ичкиликбозлик муаммоси энг муҳим муаммолардан бирига айланиб улгурган.

Спиртли ичимликларга ружу қўйиш фақат ўша ароқхўрнинг организмига салбий таъсир қилиш билан чекланиб қолмайди. Бундай одамлардан туғилган фарзандлар қатор касалликларга чалиниб қолиши эҳтимоли юқори бўлади. Хусусан, бундай кишилардан оёқ-қўли ногирон, ақли заиф, соғлом кўринса-да ўта нимжон болалар туғилиши кузатилади. Бундай болаларни парвариш қилиш кейинчалик оила учун ҳам, жамият учун ҳам жуда оғир муаммога айланади.

Ичкиликбозликдан келиб чиқадиган яна бир жиддий муаммо борки, у ҳам йилдан-йилга кўпроқ кишининг ҳаётига зомин бўлмоқда. Бу мастлик туфайли содир этиладиган йўл-транспорт ҳодисаларидир. Ҳар йили ЙТҲ туфайли дунё бўйлаб ўртача 1,3 миллион киши нобуд бўлса, бундай ҳодисаларнинг 7-8 фоизи мастлик туфайли юз беради.

Турли давлатлар бу муаммо билан турлича курашади. Беларусь, АҚШ каби давлатларда ичкилик ичиб автомобиль бошқарганлар 10 минг АҚШ доллари атрофида жарима тўлашига тўғри келса, Хитойда маст ҳолда ЙТҲ содир этган ва кимнингдир ўлимига сабаб бўлган киши қатл этилиши ҳам мумкин.

Спиртли ичимликларнинг касофати шу қадар кўпки, бирма-бир санаб чиқиш қийин. Ароқхўр одам жамиятда ўз ўрнини топа олмайди, одатда бунга интилмайди ҳам. Унинг оиласи нотинч бўлади, бундай муҳитда улғайган фарзандларнинг ҳам тарбияси оғир бўлади.

«Алкоголга тобелик сурункали, ривожланиб борувчи касаллик (сурункали алкоголизм) бўлиб, алкоголь маҳсулотларига патологик мойиллик, сурункали заҳарланиш натижасида психосоматик (руҳий ва жисмоний) ва ижтимоий асоратлар ривожланиши билан ифодаланади», — дейилади бу иллатга берилган тиббий таърифда.

Ичкиликбозликнинг сабаблари турлича, атроф-муҳит, одамларнинг ичкиликка ундаши, ирсий омил, стресс каби сабаблар бу иллат ривожланишида етакчи роль ўйнайди.

ЖССТнинг ичкиликбозлик бўйича чиқарган охирги статистикасида Ўзбекистон 188 давлат орасида 131-ўринни эгаллаган. Ўзбекистонда бир йилда жон бошига 3,5 литр алкоголли ичимликлар истеъмол қилинади.

Рўйхатда яққол етакчи Молдова давлатидир. Бу кичик давлат аҳолиси йилига жон бошига 18,2 литр миқдорида спиртли ичимлик истеъмол қилади. Кейинги ўринларда Чехия (16,45 л), Венгрия (16,27 л), Россия (15,76 л), Украина (15,6 л), Эстония (15,57 л), Андорра (15,48 л), Руминия (15,3 л), Словения (15,19 л), Беларусь (15,13 л) ва Буюк Британия (13,37 л) каби давлатлар қайд этилган.

Дунё бўйича ҳар йили жон бошига ўртача 6,1 литр спиртли ичимлик ичилади.

Гарчи, Ўзбекистонда спиртли ичимликлар истеъмоли кўрсаткичи анча паст бўлса-да, барибир бу жуда жиддий муаммо ва мунтазам назоратни талаб қилади. Чунки, Ўзбекистонда оила бузилишларининг ҳар учинчисига айнан ичкиликбозлик сабаб бўлгани қайд этилган.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид