Инсонга муносабат тарихдан миллатга муносабат бўлиб келган. Подшоҳнинг миллатига бўлган муносабати жуда кўп нарсани белгилаб берган. «Мен подшоҳман, халқим менинг хизматчим» дейиши ва «Мен подшоҳман, халқнинг хизматчисиман» дейиши айри-айри нарсалар.

Мустақиллик давридан сўнг бу ҳолатга бирданига келиб қолинмаган. Халқ учун хизмат қилишга ҳаракат қилинди, асосийси, мустақилликка эришилди, халқ учун нималардир қилинди.

Садо берилса-ю, лекин акс садо келмаса, ҳафсала пир бўлади. Мана шу нуқта, айниқса, раҳбарлар ҳафсала пир бўлиш нуқтаси - жуда даҳшатли нуқта. Бунда акс садо берилмаётган томон ҳам, бир мартада руҳан тушадиган раҳбар ҳам айбдор.

Бугунги Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келди. Халққа нисбатан «халқ менинг хизматчим эмас, мен халқнинг хизматчисиман, ҳукумат ҳам халқ хизматчиси», деган тамойил қўйилди. Ўтган уч йил давомида бу нарса, энг аввало, ҳукумат ишида оғир кечиши бошидан айтилганди. Сабаби, бугун ҳукумат аъзоларининг аксарияти 40-50 ёшдан ўтган, шахс сифатида шаклланиб улгурган, ўзига берилган ваколат, ҳурмат-иззатга ўрганиб қолган табиатни зумда «халқ хизматчиси», деган фитратга алмаштириш жуда оғир.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Натижада нима бўлди?! Ўйин бошланди, кўзбўямачилик бошланди, аммо бу уларнинг фойдасига эмас. Мирзиёев президент сифатида ўз принципида охиригача туряпти. Яъни, бир масалани айтиб, бир йил муддат беряпти, ўзгарса ўзгарди, ўзгармаса яна шу масалани айтиб, ким бу ишни амалга оширмаган бўлса ҳаммасидан воз кечяпти. Йўқотишдан қўрқмаяпти. Ҳаётда инсоннинг йўқотишдан қўрқмаслиги даҳшатли кучдир.

Хўш, шундай сиёсий ирода бор экан, бугун жамият нега ўзгармаяпти?! Ўзгаряпти, лекин секин-секин, босқичма-босқич деган баҳоналар билан, аммо кутилганидек ўзгармаяпти. Сиёсий ислоҳотлар бўляпти, қонунлар алмашяпти, лекин турмуш тарзимиз алмашмаяпти. Нега? Сабаби - тафаккур, дунёқараш, ишга муносабат ўзгармаяпти. Бугун жамиятда одамларни ўзгартирамиз деяпмиз, лекин, аввало, раҳбарлар ўзгариши керак.

Афсуски, ҳукуматдаги раҳбарлар бугун бошқача қараш, бошқача ишлашни ўрганмаяпти. Нега? Бу ерда яна бир катта муаммо пайдо бўлади. Бу психологик муаммога ҳам ўхшаб кетади.