Ўзбекистон | 20:39 / 12.03.2019
5310
7 дақиқада ўқилади

Эксперт: «Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилганда таклифларнинг атиги 12 фоизи инобатга олинган»

12 март куни Пойтахт бизнес марказида жойлашган Ҳаракатлар стратегиясининг конференц-залида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан консултатив учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашув Адлия вазирлиги ва USAID Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури (JRUP) билан ҳамкорликда ўтказди. Учрашув «Фуқаролик жамияти ва нодавлат ташкилотлари учун қулай ҳуқуқий муҳитни ривожлантириш» мавзусида ўтказилди.

Тадбирда мамлакатнинг юқори даражалари ҳуқуқшунослари ва халқаро экспертлар қатнашди. Хусусан, JRUP программаси директор ўринбосари Наташа Рашич, халқаро эксперт Михаил Бояджиев, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ижрочи директори Бобур Бекмуродов, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти жамоавий мониторинги бошқармаси раҳбари Ҳамдамбек Атажанов ва бошқа мутахассислар қатнашди. Тор доирадаги учрашувга демократия ва инсон ҳуқуқлари институти Директори Сайёра Ходжаева модераторлик қилди.

«Мен бу мамлакатда бир неча йиллар илгари ишлаганман. Орадан йиллар ўтиб яна ушбу юртга қайтдим. Улкан ислоҳотлар амалга оширилганини кўрдим. Биз ўз дастуримизда суд ва ҳуқуқ соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрнини мустаҳкамлаш учун ҳаракат қиламиз. Биз таҳлиллар олиб бориш жараёнидамиз. Ислоҳотларни амалга оширишда икки хил турдаги ташкилотни айтиш мумкин: Фуқаролик жамияти субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар. Фаолиятимиз давомида академик билим берувчи олийгоҳлар билан бу йўналишда таълим олиш учун ҳамкорлик қиламиз. Бу олийгоҳлар: Бош прокуратура Академияси, Адвокатлар палатаси, Судьялар олий мактаби, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Халқаро ҳуқуқ факультети, Юридик университет ва мамлакатдаги жамики ҳуқуқ соҳасида таълим берувчи олийгоҳлардир.

Бизнинг дастур давлат ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотларни ривожлантиришдаги янги моделларни қўллаб-қувватлайди. Биз таълим борасида грантлар эълон қиламиз. Шу йилнинг апрелида дастлабки конкурс эълон қилинади. Бу конкурс икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда, фаолият йўналишлари, механизмларига бағишланган иншолар топширилади. Иккинчи босқич, нодавлат нотижорат ташкилотларининг салоҳияти бўйича бўлади», дея тушунтириш бериб ўтди халқаро эксперт.

Шунингдек, тадбирда қатнашган Олий мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти жамоавий мониторинги бошқармаси раҳбари Ҳамдамбек Атажанов ўзидаги қизиқ маълумотлар билан бўлишди.

«Ташкилотимиз айни дамда шу масалада изланишлар олиб бормоқда. Президентимиз томонидан ўтган йили 5505-сонли Норма ижодкорлиги концепцияси қабул қилинган. Хўш, нега бу ҳужжатга талаб бор эди? Чунки, шу давргача қонун ҳужжатларининг 7 фоизини қонунлар ташкил қилади. Давлат фаолиятида кўплаб соҳаларни асосий тартибга солувчи ҳужжатлар қонуности ҳужжатлари бўлиб келди. Вазифаларимиз қонун нормаларини тизимлаштириш ва ижтимоий муносабатларини ҳуқуқий жиҳатидан таъминлаш. Баъзи соҳалар бор жуда кўп қонун ҳужжатлари қабул қилган ва улар бир-бирига мос келмайди. Агар мавжуд қонуности ҳужжатлар барқарорлигини таъминламоқчи бўлсак, уларни албатта қонун даражасида қабул қилишимиз керак. Агар қабул қилмасак, фуқаролик жамиятини қуришга салбий таъсир кўрсатади. Иккинчиси, норматив ҳужжатларини қабул қилишда сифатни ошириш ва такомиллаштиришни мониторинг қилишдир. Қонун ҳужжати сифатли, ҳаммага тушунарли бўлиши керак. Кейингиси, норма ижодкорлигида ахборот технологияларни жорий қилиш ҳисобланади. Ҳозирги даврда бизда «келишиш» деган жараён бор. Бунда бир ҳужжат қабул қилаётганда шу ҳужжат таъсир ўтказадиган барча идоралар билан келишиб чиқиш керак. Бу ҳозир қўлда қоғоз билан қилинади. Шунинг учун, концепцияда белгиландики, бу келишиш ҳужжати электрон тарзда бўлади. Бундан ташқари, норма ижодкорлигида ақлли тартибга солиш модул электорали бўлиб, бунда экспериментлар ўтказиш ёки муддатлар белгилаб қўйиш кабилар назарда тутилади. Бизда қонун ҳужжатларида муддат мавжуд эмас. Шунингдек, норма ижодкорлигида институционал тартибга солиш, қонун сифатига жавоб берадиган институт ташкил этиш ниятидамиз.

Фармоннинг 7-бандига мувофиқ, норма ижодкорлигини амалга ошириш бўйича комиссия тузилган. Комиссияга қонунчилик палатаси Спикери бошчилик қилади. Комиссияда жамиятни тартибга солиш соҳаларида, масалан сайлов, таълим, инвестиция, қурилиш, тадбиркорлик бўйича қонунларни тизимлаштиришдир. Шунингдек, комиссиянинг яна бир функцияси жамиятда олиб борилаётган ислоҳотларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан амалий жиҳатдан ривожлантиришдир. Баъзи муҳим ҳужжатлар бор, улар қонун даражасида эмас.

Энг оғриқли жойларидан бири, баъзи идоравий ҳужжатлар Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтмаган. Нодавлат-нотижорат ташкилотлар қонунида ҳам борки, бундаги қоидалар қонун даражасида бўлиши шарт эмас. Бундан ташқари, асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар, эскирган метод-механизмлар бор. Мисол учун, ушбу нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳақидаги қонун 1991 йилда қабул қилинган.

Кейинги масала қонун хужжатлари таъсирчанлигини ошириш мақсадида regulation in йўналиши ишлаб келмоқда. Қонун ҳужжатини қабул қилишда билдирилган таклифларнинг атиги 12 фоизи ҳисобга олинган. Демак, ёки фуқаролар томонидан билдирилаётган таклифлар сифатсиз ёки таклифлар амалга киритиб бўлинган. Лекин, энг асосий муаммо яхши таклифлар ҳам инобатга олинмаган. Ҳозир комиссияга вазифа юклатилган. Норматив-ҳужжатлар базаси билан regulation ’ни бирлаштиришни ният қилганмиз.

Бизда фаолиятида баъзи ташкилотлар бор. Улар квазиташкилотлардир. Яъни, уларни на нодавлат ташкилот деб бўлади, на бошқача. Масалан, «Маҳалла» ташкилоти, «Нуроний» ва ҳоказо. Улар шундай вазифа бажарадики, давлат томонидан ташкил этилган, лекин улар нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади. Молиялаштириш масаласини ўйлаяпмиз. Қонунчиликда янги лойиҳани ўйладик. Ижтимоий тадбиркорлик деган. Маълум соҳаларда нодавлат нотижорат ташкилотлар тадбиркорликни амалга оширса бўлади.

Петицияларни ҳисобга олувчи платформа бор. Яъни, маълум овозларни йиғгандан сўнг, бу ҳолатни кўриб чиқади. Буни фақат Олий Мажлис, вилоятлардаги кенгашлар кўриб чиқади. Энди янги тизим жорий этилмоқда. Бунда ижро этувчи ҳокимият вакиллари ҳам кўриб чиқади. Чунки, кўп саволлар пайдо бўлади. Бу саволларга Вазирлар Маҳкамаси жавоб беради. Яқинда янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди», дейди парламент ходими.

Учрашув мобайнида нодавлат нотижорат ташкилотлар бўйича бошқа қатнашчилар ҳам ўз таклифларини беришди. Мисол учун, Ногиронлар ассоциацияси вакили Фарҳод Абдураҳмонов ногиронлиги бўлган шахслар бўйича соҳадаги мавжуд камчиликларни санаб ўтди. Масалан, бундай шахсларга нисбатан телефон ёки бошқа қурилмаларда махсус иловалар, ҳуқуқий йўналишларда кўриш ва эшитишда нуқсони бор фуқароларга ҳуқуқий ва бошқа махсус адабиётлар мавжуд эмаслиги танқид остига олинди.

Шунингдек, учрашувдаги фахрий меҳмон Михаил Бояджиев соҳа бўйича бир неча давлатлар тажрибаси билан ўртоқлашди. 

Мавзуга оид