Жамият | 23:48 / 12.03.2019
13339
3 дақиқада ўқилади

«Адабиётимиз учун ўзгариш ва тажрибалар ҳам қилайлик ахир, мустақилмиз-ку?». Ёзувчилар уюшмаси наср кенгашининг йиллик ҳисоботи ўтказилди

Бугун 12 март куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносида уюшма наср кенгашининг 2018 йилдаги фаолияти таҳлилига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ўзбек адабиёти наср йўналишида ижод қилаётган ёзувчилар, ижодкор ёшлар, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этди.

 

Йиғилишида дастлаб ўтган 2018 йил давомида ўзбек адабиётида ёзилган роман, қисса ва ҳикоялар бўйича маърузачиларнинг ҳисоботи тингланди. Хусусан, Бухоро давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари доктори Ғайрат Муродов романчилик, Ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси Умида Расулова қисса ва мазкур университет доценти Дилмурод Холдоров ҳикоячилик йўналишида йил давомида ёзилган асарлар бўйича йиғилганларга маълумот берди.

Шундан сўнг, ҳисобот йиғилишида иштирок этаётган адабиёт вакиллари томонидан бугунги ўзбек насрчилиги, унда ёзилаётган роман, қисса ва ҳикоялар, адабий кенгаш фаолияти, хусусан, бугунги ташкиллаштирилган кенгаш йиғилиши иши танқидий таҳлил қилинди.

Жумладан, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов ҳисобот йиғилиши ишидан мутлақо қониқмаганини таъкидлади.

«Бугунги йиғиндан ҳам маърузачиларнинг фикрларидан ҳам шахсан қониқмадим. Йил давомида ёзилган асарларни таҳлил қилаётган маърузачилар ҳам бирор-бир асарнинг жони, томирини топиб таҳлил қилишолмади, асосан мавзу ва пафос билан чекланилди. Бу жуда эски нарса. Бугун таҳлилчилардан 2018 йилда ўзбек адабиётида ёзилган асарларнинг бадииёти қандай?, деган саволни кутган эдим.

Нотиқлар асосан, рақамга эътибор беришди. Рақамларнинг нима кераги бор. Абдулла Қодирийнинг 20та романи ҳозирги 400та романдан яхшироқ бўлмасмиди? Бу ерда биз услуб масаласига эътибор беришимиз керак. Ўзбек адабиётида янги услуб пайдо бўляптими йўқми? Ана шу масала энг муҳими бўлиши лозим, қандайдир рақамлар эмас.

Адабий йиғин, фикрлашув ва ҳисобот учрашувларини ортиқ бу каби эскирган услубда ўтказиб бўлмайди. Аллақачон янги форматга ўтиш вақти келган. Бу йиғилиш менга совет давридаги йиғилишларни эслатаяпти. 1970-йилларда шундай бўларди. Адабиётимиз учун ўзгариш ва тажрибалар ҳам қилайлик ахир, мустақилмиз-ку?», дея адабиётшунос сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда қатнашган адабиётшунос Исломжон Ёқубов эса ўзбек адабиётида яратилаётган асарларнинг муҳокамаси учун бир йилда бир марта бўладиган йиғинлар умуман етарли эмаслигини таъкидлади. «Форматни ўзгартирган ҳолда бўладиган йиғинларни ҳар чоракда бир марта ўтказиш керак. Биз фақат танқидий, таҳлилий руҳда ва тез-тез ўтадиган фикрлашувлар, ва унда туғиладиган янги фикрлар билангина адабиётимизни ривожлантира оламиз», дейди у.

Наср кенгаши йиғилишида келтирилишича, сўнгги 30 йил ичида ўзбек адабиётида 250дан ортиқ роман ёзилган.

 

Мавзуга оид