Ўзбекистон | 20:32 / 13.03.2019
6582
3 дақиқада ўқилади

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси ўзбекистонлик лицей ўқувчиларига очиқ дарс ўтди

Бугун, 13 март куни Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети академик лицейи ўқувчилари билан учрашув ўтказди. Унда элчи томонидан академик лицейнинг махсус фан сифатида хитой тилини ўрганаётган ўқувчилари учун «Хитой ва Ўзбекистон маданиятлари муштараклиги» мавзусида очиқ дарс ташкил қилинди. Шунингдек, учрашувда Цзянь Янь ўқувчиларга чет тилларни ўрганиш ва унинг аҳамияти борасида ўз тавсияларини берди.

«Бугунги кунда академик лицейда инглиз, корейс, хитой ва араб тиллари махсус тил сифатида ўқитилади. Бирор бир чет тилини мукаммал ўрганиш учун ўша тил муҳитини ҳис қилиш зарур омил ҳисобланади. Шу боисдан, чет эллик нуфузли меҳмонлар ва педагогларни очиқ дарсларимизга тез-тез жалб қиламиз. Цзянь Янь хонимнинг бугунги ташрифи ҳам лицейимиз жамоасининг таклифи асосида амалга ошди», - дейди таълим муассасаси директори Фарида Назарова.

Элчи хоним томонидан ўтилган очиқ дарс ва икки томонлама савол-жавоб лицей ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, ўқувчилар савол-жавобларда фаол иштирок этиб, хитой тили ва маданияти бўйича пухта билимга эга эканликларини исботлашди. Ўз ўрнида элчи хоним ҳам ўзбек санъати ва маданиятини чуқур ҳурмат қилиши, ўзбек романчилиги дурдоналари ҳисобланган «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» ва бошқа асарларни бир неча бора мутолаа қилганини таъкидлаб ўтди. 

Эътиборлиси, элчи хоним ва лицей ўқувчилари биргаликда Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясини куйлашди. 

Цзян Янь лицей ўқувчилари билан ўтган учрашувда Хитойда олий таълим олиш имкониятини берувчи грант танловининг дастлабки ғолибларини ҳам эълон қилди. Унга кўра, грант танловида иштирок этган ва Хитойда таҳсил олиш имкониятини қўлга киритган ўзбекистонлик ёшларнинг икки нафари айнан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети академик лицейи ўқувчилари Шаҳринисо Ибрахимжанова ва Мухтасар Рустамова эканлиги аниқ бўлди.

Элчи Цзян Янь учрашув якунида хитой тилини ўрганиш бўйича бир қанча қўлланма ва адабиётларни лицей кутубхонаси учун совға сифатида тақдим қилди.