Ўзбекистон | 15:37 / 15.03.2019
10978
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда монополист-корхоналар сони охирги 5 йилда 2 баробарга камайди

Ўзбекистонда монополист-корхоналар сони сўнгги беш йил ичида икки баробардан кўпроққа қисқарган. Бу ҳақда бугун Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ташкил этилган «Конкуренция 4.0» муҳокамалар платформаси вақтида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Январь ойида ташкил этилган қўмита раҳбарияти аъзоларининг жамоатчилик ва бизнес вакиллари билан илк учрашуви 2019-2023 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси муҳокамасига бағишланди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов (чапда)
ва раис ўринбосари Фаррух Карабаев (ўнгда)

Қайд этилишича, бугунги кунда товар ва молия бозорларида давлат компаниялари доминантлик қилмоқда. Монополияларнинг 90 фоизини давлат улуши бор ёки давлат назоратидаги компаниялар ташкил қилади.

Таъкидланишича, давлат компаниялари давлат унитар корхонаси ва шўъба корхонаси шаклида ўз қуйи тузилмаларини ташкил этишмоқда ва бу тузилмалар хусусий компаниялар фаолиятининг ўрнини босиши ва бозорни бўлишда қатнашишга уриниши тез-тез кузатилмоқда, бу эса бюджет назоратидан чиқиб кетиш инструменти ҳамдир. Ҳозирда бундай компаниялар сони 1,4 мингдан кўпроқни ташкил этади.

Шу билан бирга, давлатнинг молиявий бозорлар ва капитал бозоридаги (биржа, марказий депозитарий, банклар) ваколатлари ва иштироки кўлами ҳам юқорилигича қолмоқда, бу эса манфаатлар зиддиятини авж олдириб, тижорий бозор механизмларининг ривожланишига тўсиқ бўляпти. Мисол учун, фонд биржасида қимматли қоғозлар савдоси юзасидан ҳисоб-рақамларга хизмат кўрсатишда Ўзбекистон Миллий банки монополияси ўрнатилган.

Умуман, банк секторининг 83 фоизи давлат иштироки билан фаолият юритмоқда. Таклиф этилаётган стратегияга мувофиқ, 2023 йилга қадар давлатнинг банк секторидаги иштирокини 50 фоизгача пасайтириш кўзда тутилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда табиий монополия субъектлари билан қўшиб ҳисоблаганда 236та монополист-корхона мавжуд ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси уларнинг сонини кейинги тўрт йилда 25 фоизга қисқартиришни таклиф этмоқда. Шунингдек, шу муддат ичида ҳозир ишлаб турган 1414та давлат унитар корхоналари сонини 700тага камайтириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2023 йилга қадар монополь маҳсулот ва хизматларнинг ЯИМдаги солиштирма ҳажмини 7 фоизгача камайтириш, кичик бизнеснинг ЯИМдаги улушини 3 фоизга ошириш (54,9дан 57,9га) мўлжалланган.

Антимонополия қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган стратегия лойиҳаси билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган. Муҳокама 22 мартга қадар давом этади.

Мавзуга оид