Бугун Sport24 нашрида «Леога ўхшамайман – Дрогба ва Торрес ёқади». «Ростов»да ўзбек Мессиси ўйнамоқда» сарлавҳаси остида Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов билан интервью эълон қилинди.

Элдор рус мухбири билан суҳбатда йил бошида БААда бўлиб ўтган Осиё Кубоги таассуротлари, ўзини Мессига ўхшаш деб ҳисобламаслиги, Ўзбекистонда Нестеровни ким деб аташлари, Жозе Моуриньо билан қаерда учрашгани, собиқ клуби «Бунёдкор»га Ривалдо келган вақтдаги хотиралари каби мавзуларда сўз юритган.

– Осиё Кубогида нимчорак финал Ўзбекистон учун муваффақиятли натижами?
– Терма жамоа нимчорак финалдан албатта ўтиши керак эди. Бунинг учун бизда барча имконият бор эди. Ҳозир Ўзбекистон термасида яхши футболчилардан иборат жамоа йиғилган, аммо омад етишмади. Ишончли тарзда гуруҳдан чиқдик, Австралияга қарши баҳсда ҳам ёмон ўйнамадик. Пенальтилар серияси – лотерея демакдир.

Австралия – жуда кучли жамоа, лекин енгиб бўлмайдиган жамоанинг ўзи бўлмайди. Биламан, Ўзбекистон терма жамоаси ҳозиргача бирор марта австралияликларни юта олмаган, аммо бу серия қачондир тугайди.

– Осиё Кубогининг 4та ўйинида 4та гол урдингиз.
– Бу яхши, бироқ биринчи навбатда жамоанинг натижаси муҳим. Ўзим гол урмасам ҳам, жамоа кейинги босқичга чиққанида анча кўпроқ қувонган бўлардим.

– Япония дарвозасига урган голингиз худди замбаракдан отилган ўқдек. Буни қандай амалга оширдингиз?
– Ўйин вақтида қандайдир ўзига хос ишни қилганим ҳақида ўйлаганим ҳам йўқ. Тўп қабул қилиб олдим-у, вазиятга баҳо бердим: олдинда икки ҳимоячи турарди, бизникилардан ҳеч ким йўқ эди. Кимдир бўлганида пас оширган бўлардим, аммо вазиятни ўзим ҳал этишимга тўғри келди.