Спорт | 12:18 / 26.08.2024
23367
16 дақиқада ўқилади

Шомуродов гол уришни бошлади, «Челси» футболчилари «қутурди». Европада кун ўйинлари

«Реал»да Мбаппе вазиятларни кўкка совурмоқда. Эндрикка эса биринчи голини уриш учун бир зарба етарли бўлди. Европа футболида якшанба куни рўй берган асосий воқеалар.

Англия: Палмер ва Мадуэке — «қотил» жуфтлик

«Вулверҳэмптон» — «Челси» 2:6
Голлар:
Куня (27), Ларсен (45+6) — Жексон (2), Палмер (45), Мадуэке (49, 58, 63), Феликс (80). 
«Вулверҳэмптон» – Жозе Са, Аит-Нури (Доусон, 67), Гомеш, Москера, Доэрти, Лемина (Дойл, 90), Гомес, Беллгард (Гомеш, 68), Матеус Куня (Сарабия, 68), Ҳван Ҳи Чан (Поденсе, 59), Ларсен.
«Челси» – Санчес, Кукуреля (Вейга, 83), Колуилл, Фофана, Гюсто, Фернандес, Кайседо (Дюзбери-Ҳолл, 76), Мудрик (Нету, 46), Палмер (Нкунку, 83), Мадуэке, Жексон (Жоау Феликс, 68).
Огоҳлантиришлар: Аит-Нури (35), Гюсто (40), Палмер (44), Кукуреля (71), Москера (71).

Якшанба куни «Челси» форварди Мадуэкени «қайноқ» қабул кутаётганди, у ўйиндан олдин ижтимоий тармоқдаги саҳифасида аккаунтни адаштириб юбориб, Вулверҳэмптонни нопок жой деб ҳақорат қилиб қўйганди. У тезда сторисини ўчириб юбориб, адашиб кетганини билдирди, аммо интернетда скриншотлар сақланиб қолганди. Табиийки, «Мулиню» ўйингоҳида ушбу футболчининг тўпга ҳар тегиниши ҳуштакбозликлар билан қарши олинди. Николас Жексон тезкор гол билан ҳисобни очиб, мезбон фанатлар томон нимадир деганидан кейин ҳуштакбозликлар янада кучайди.

Ўйин «Челси» учун оғир тус олди ва уч марта ҳисобда олдинга чиқиб олиш талаб этилди. Биринчи бўлим 2:2 ҳисобида якунланди ва мезбонлар рақибдан ёмонроқ кўринишда эмасди. Кўплаб вазиятлар яратилди – жумладан, тўп устунга ва тўсинга тегди, бошқа ҳолатларда эса дарвозабон Санчес қутқарди.

Иккинчи бўлимда эса айнан Мадуэке барчасини ҳал қилди. У 14 дақиқа ичида деярли бир нуқтадан бир-бирига ўхшаб кетадиган учта гол урди. Қизиқарли жиҳати, учала голда ҳам унга айнан Коул Палмер ҳаммуаллифлик қилди ва икки турдан кейин энг яхши ассистентга айланиб олди.

«Челси»нинг расмий аккаунти эса Мадуэкенинг сурати билан қуйидаги постни эълон қилди: «Унга бу жой ёқа бошлади».

Шу тариқа, Мадуэке фаолиятидаги илк ҳет-трикни воқеаларга бой шундай кунда урди. Палмерда – «гол+пас» бўйича 1+3. Ўйин охирида эса Жоау Феликс Лондонга қайтишини гол билан нишонлади – 2:6. Бу ғалаба эвазига «Челси» мавсумдаги илк очколарни қўлга киритди, «Вулверҳэмптон» бирорта очкосиз, сўнгги ўриндан олдингисини эгаллаб турибди, тўплар нисбати – 2:8. Бундан ёмонроғи фақат «Эвертон»да (0:7).

Дарвоқе, xG бўйича «Вулверҳэмптон» 1,96 натижасини қайд этди. «Челси»да — 1,56. Таблодаги ҳисоб эса кўклар учун рекорд бўлди, чунки лондонликлар бунга қадар мавсумдаги илк сафар ўйинида олтита гол уришга муваффақ бўлмаганди.

«Ливерпул» — «Брентфорд» 2:0
Голлар:
Диас (13), Салоҳ (70).
«Ливерпул» – Алиссон, Робертсон, ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд (Брэдли, 72), Мак Аллистер, Гравенберҳ (Эндо, 90+1), Собослаи, Диас (Гакпо, 72), Салоҳ (Эллиот, 83), Жота (Нунес, 72).
«Брентфорд» – Флеккен, Айер, Пиннок, Коллинз, Роэрслев, Люис-Поттер (Дамсгор, 66), Янелт (Ониека, 73), Нергор, Йенсен (Карвалю, 66), Висса (Шаде, 73), Мбемо.
Огоҳлантиришлар: Собослаи (30), Гравенберҳ (38), Нёргор (40), Йенсен (45), Мбемо (90+4).

Икки турдан кейин тўрт жамоада 100 фоизлик натижа: якшанба куни «Ман Сити», «Арсенал» ва «Брайтон» сафига «Ливерпул» ҳам қўшилди. Арне Слот «Энфилд»даги илк расмий ўйинида яна ажойиб рақамлар билан ҳайрон қолдира олди, унинг жамоаси узатмалар аниқлигида 92 фоизлик кўрсаткич билан сўнгги 11 йил ичидаги энг юқори натижани қайд этди. Бу узатмалардан иккиси эса голли бўлди. Биринчи ҳолатда қизиллар ўз дарвозаси яқинидаги бурчак зарбасидан кейин намунали қарши ҳужум уюштирди ва Диогу Жота Диасни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқариб юборди. Кейин эса колумбияликнинг ўзи Салоҳ учун шундай имконият яратиб берди. Мисрлик ҳужумчи ўзининг севимли позициясида бўш қолганди, шу туфайли дарвозабонда қутқариш учун имконият йўқ эди. Шунингдек, АПЛда 100-уй ўйинини ўтказган ван Дейкнинг юбилейи эътиборга молик эди. Бу ўйинларда «Ливерпул» 262 очко тўплаган ва нидерландияликка «МЮ»нинг собиқ футболчиси Эвранинг рекордини такрорлаш учун бир очко етмади.

Испания: Мбаппе эмас, Эндрик гол урди

«Реал» — «Валядолид» 3:0
Голлар:
Валверде (50), Диас (88), Эндрик (90+6). 
«Реал» – Куртуа, Фран Гарсия, Рюдигер, Милитао, Карваҳал, Чуамени, Валверде, Винисиус (Себаллос, 85), Гулер (Диас, 69), Родриго (Модрич, 69), Мбаппе (Эндрик, 86).
«Валядолид» – Ҳейн, Лукас Роза, Бойомо, Жемерт, Перес, Юрич (Мартин, 71), Кике Перес (Ндиайе, 85), Месегер (Амалла, 59), Санчес, Мачис (Моро, 58), Маркос Андре (Силла, 71).
Огоҳлантиришлар: Маркос Андре (28), Гулер (52).

«Валядолид»га қарши ўйин арафасида мадридликлар клуби турнир жадвалининг иккинчи қисмида жойлашганди. Бу ҳали 2-тур, аммо барибир мухлисларнинг кўзи бу ҳолатга ўрганмаган. Шу туфайли «Реал»дан фақат ғалаба кутиларди. Қаторасига икки ўйинда очко йўқотилиши (айниқса уйда лиганинг янги аъзосига қарши ўйинда) ЕЧЛ ва УЕФА Суперкубогининг амалдаги соҳиби учун уятли ҳолат бўларди. Бу совринларнинг иккинчиси ўйин олдидан мухлисларга намойиш этилди (бу «Реал» учун мавсумдаги илк ўйин эди).

Аммо «Реал» бу ўйинда ҳам муаммоларга учради. Биринчи бўлимда футболчилар яхши таассурот қолдира олмади. Жамоалардан ҳеч бири бирорта яққол голли вазият яратмади. Мбаппенинг 32-дақиқада йўллаган зарбаси аниқ бормади. «Реал»да марказда Килиан ва қанотларда Винисиус ҳамда Родригодан иборат ҳужум учлиги тушганди. Шу билан бирга, Карло Анчелотти таркибда мажбурий ўзгаришлар қилишига тўғри келганди. Жароҳат олиб бир ойга сафдан чиққан Жуд Беллингҳем ўрнини Арда Гулер эгаллади, ўтган ўйин охирида қизил карточка олган Ферлан Менди ўрнига Франсиско Гарсия тушди.

Мухлисларда Мбаппенинг келиши «Реал»ни кучайтирмагани, аксинча кучсизлантиргани ҳақида шубҳалар пайдо бўлмоқда.

Иккинчи бўлим бошида эса «Реал» барибир ҳисобни оча олди. Ўйиндан ҳеч нарса чиқмаётганида Гулер ишлаган жарима зарбаси қўл келди. Тўпга Федерико Валверде яқинлашди ва у қадар қулай бўлмаган позициядан туриб тўғридан тўғри дарвоза томон зарба берди. Тўп узоқ бурчакка аниқ борди.

Бу вазият такрорида тўп йўл-йўлакай «Валядолид» футболчиларидан бирига тегиб, йўналишини ўзгартирганини, шу туфайли дарвозабон унга ета олмаганини кўриш мумкин.

Ҳисоб очилгач «Реал»да вазиятлар юзага кела бошлади. Аммо Гулернинг барча зарбалари ҳимоячилардан ўтмади. 69-дақиқада туркиялик ўз ўрнини Лука Модричга бўшатиб берди. «Валядолид»да ҳам вазиятлар юзага келди, аммо улар ҳисобни тенглаштиришидан кўра мезбонлар иккинчи голга яқинроқ экани кўриниб турганди. 79-дақиқада Мбаппе ўта қулай вазиятни йўққа чиқарди, аммо дарвоза қаршисида туриб, тўпни дарвозабонни қўлига тутқазди.

«Реал» иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнаган бўлса-да, қалтис ҳисоб мухлисларни асабий ҳолатда ушлаб турди. Айниқса Мбаппе яна бир ажойиб имкониятдан фойдалана олмаганида. Мезбонларнинг ғалабасини захирадан ўйинга қўшилган Браим Диас кафолатлади, у дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди ва уни осонлик билан доғда қолдирди. Ўйинга якуний нуқтани эса Мбаппе ўрнига тушган Эндрик қўйди, у ажойиб ҳаракати билан рақибдан қочиб кетиб, яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Унинг илк расмий голи — укасига совға. Бразилиялик ҳужумчи бу голи билан тарихга ҳам кирди. XXI асрда ҳеч ким «Реал» сафидаги дебютида бу қадар ёшлигида (18 ёшу 35 кун) гол урмаганди. Ўйин қийин кечган бўлса-да, «Реал» йирик ғалабага эришди ва «Барселона» ҳамда бошқа рақиблар илгарилаб кетишига йўл қўймади.

«Атлетико» — «Жирона» 3:0
Голлар:
Гризманн (39), Лоренте (48), Коке (90+4). 
«Атлетико» – Облак, Рикелме (Галлаҳер, 58), Лоренте, Аспиликуэта, Хименес, Ле Норман, Лино (Рейнилду, 68), Барриос, Де Паул (Коке, 59), Алварес (Сёрлот, 81), Гризманн (Корреа, 81).
«Жирона» – Гассанига, Мигел Гутиеррес, Блинд, Давид Лопес, Мартинес, Эррера, Ромеу (Солис, 59), Мартин (Порту, 58), Хил, Абел Руис (Миовски, 59), Циганков (Алмена, 68).
Огоҳлантиришлар: Де Паул (25), Руис (28), Гассанига (37), Ромеу (55).

Кўп жамоалар «Жирона» билан ўйинда қийналади, аммо «Атлетико» учун бу маълум даражада қулай рақибга айланган. Мадридда Диего Симеоне жамоаси сўнгги тўрт ўйинда ютқазмаган ва қаторасига уч ўйинда каталонияликлар дарвозасига камида иккита гол киритган. Шундай экан, «матрасчилар» якшанба оқшомида шунчаки нормани бажаришди дейиш мумкин. Ҳисобни очган Гризманн эса эътиборли натижага эришди.

Мбаппе «Реал»га мослашиш жараёнини ўтаётган ва фақат УЕФА Суперкубогида гол урганида, Антуан ушба ватандошини топ-5 лигаларда гол уриш борасида қувиб етди. Ушбу жуфтлик 191 тадан гол урган ва бешинчи ўринни бўлишиб турибди, Бенземага (281) етиб олишга эса ҳали анча бор. «Атлетико» сўнгги ўн мавсумда барча турнирлар доирасида ўн марта жарима зарбасидан тўғридан тўғри гол урган ва шундан тўққизтаси Гризманн ҳисобига ёзилган.

Италия: Де Росси муваффақиятсизликка учради, Контеда ғалаба

«Рома» — «Эмполи» 1:2
Голлар:
Шомуродов (80) — Гяси (45), Коломбо (60, пеналти). 
«Рома» – Свилар, Анхелино, Ндика, Манчини, Челик (Залевски, 46), Соуле (Шомуродов, 77), Дибала, Пеллегрини, Паредес (Балданци, 63), Кристанте (Ле Фе, 62), Довбик.
«Эмполи» – Васкес, Вити, Исмайли, Валюкевич, Фаццини (Стоянович, 88), Солбаккен (Эспозито, 58), Пеццелла (Какаче, 63), Мале (Хаас, 63), Ҳендерсон, Гяси, Коломбо (Эконг, 87).
Огоҳлантиришлар: Мале (26), Солбаккен (58), Какаче (84).

А серияда мавсум старти — фаворитлар учун беқарорлик парадига айланди. Ҳатто «Интер» биринчи турда ғалабани қўлдан чиқарди. «Милан» икки ўйинда атиги бир очко олди. Биринчи турда ғалаба қозонган «Аталанта» ва «Лацио» бу уик-эндда ютқазишди. Старт «Рома» учун ҳам даҳшатли тушга айланди, биринчи турда «Каляри» дарвозасига йўл топа олмаган римликлар тарихда илк бор ўз майдонида «Эмполи»га ютқазди.

«Бўрилар» биринчи бўлим охирида муваффақиятсиз ҳаракатланиб, Гясини эътибордан четда қолдиришди. Иккинчи бўлимда эса омадсизлик ва аҳмоқона ҳаракатлар туфайли муаммолар ортди. Биринчи ҳолатда — Пеллегринининг зарбаси аввал тўсинга тегди, кейин устунга. Иккинчи ҳолатда — Паредес жарима майдонининг бурчак томон қисмида тушунарсиз фол қилди. Агар бу пеналти бўлмаганида, барчаси бошқача тус олиши мумкин эди. Лекин Даниэле де Росси шогирдлари 0:2 ҳисобидан ҳам чиқиб кетиши мумкин эди. Римликларга Шомуродовнинг бошда йўллаган ажойиб зарбаси умид берди. Шу ёзда клубни тарк этиши айтилган ўзбекистонлик футболчи қўшимча дақиқаларда ҳисобни тенглаштириши ҳам мумкин эди, аммо зарба бериш вақтида ҳимоячи уни ушлаб қолди, ҳакам эса вазиятни эътиборсиз қолдирди.

«Наполи» — «Болоня» 3:0
Голлар:
Ди Лоренцо (45+2), Кварацхелия (75), Симеоне (90+4). 
«Наполи» – Мерет, Буонжорно, Рраҳмани, Ди Лоренцо, Кварацхелия, Политано (Нерес, 88), Оливера, Маццокки (Спинаццола, 77), Лоботка, Замбо-Ангисса, Распадори (Симеоне, 84).
«Болоня» – Скорупски, Ликояннис (Миранда, 63), Эрлич (Лукуми, 19), Бекема, Пош, Эбишер (Фаббиан, 80), Фройлер, Моро, Ндойе (Карлссон, 63), Кастро, Орсолини (Одгор, 63).
Огоҳлантиришлар: Маццокки (43), Лукуми (49), Пош (50), Рраҳмани (56).

Антонио Конте эса «Наполи» бошқарувидаги илк ғалабасига эришди. Муваффақиятни мураббий ёзда лойиҳадаги муҳим фигура деб атаган футболчи таъминлади. Биринчи бўлим охирида Кварацхелия тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб берди ва ҳужумга қўшилган Ди Лоренцо ҳисобни очди. У қаторасига еттинчи мавсумда гол урган ҳимоячига айланиб, «Фиорентина»даги амплуадоши Бираги билан тенглашиб олди. Кейин эса Хвичанинг ўзи рикошет ёрдамида тўпни узоқ масофадан дарвоза тўрига жойлади. Учинчи гол ҳам гуржистонлик вингер иштирокисиз кечмади, у «Бенфика»дан харид қилинган Давид Нересни тўп билан таъминлаб берди ва бразилиялик футболчи тўпни қулай вазиятдаги Симеонега етказди. Тиагу Мотта кетганидан кейин «Болоня» қийин дамларни бошдан кечирмоқда.

Германия: Мюллернинг абадий рекорди

«Волфсбург» — «Бавария» 2:3
Голлар
: Майер (47 пеналти, 55) — Мусиала (20), Камински (65, автогол), Гнабри (82). 
«Волфсбург» – Грабара, Камински, Цезигер, Борнаув, Фишер, Сванберг (Винд, 86), Арнолд, Тиагу Томаш, Маер (Герҳардт, 78), Баку, Виммер (Беренс, 71).
«Бавария» – Нойер, Дэвис, Упамекано, Ким Мин Чжэ (Дайер, 81), Боэ (Мюллер, 65), Павлович, Киммих, Гнабри, Мусиала, Олисе (Коман, 75), Кейн.
Огоҳлантиришлар: Кейн (31), Боэ (46), Мусиала (70), Сванберг (71), Цезигер (82).

Мюнхенликлар учун ҳақиқий баҳони Чемпионлар лигасидаги ва лигадаги асосий рақобатчиларга қарши ўйинлар кўрсатади, аммо Волфсбургдаги ўйиннинг биринчи бўлими ҳам Венсан Компани бошқарувидаги «Бавария» одатдаги каби кучли эканини кўрсатди. «Бўрилар» йигирма дақиқа чидаб беришгани фақат дарвозабоннинг саъй-ҳаракатлари билан бўлди. Аммо Боэ тўпни Мусиалага етказиб берганида, Грабарида имконият йўқ эди.

Дастлабки 45 дақиқаликда «Бавария»нинг ягона муаммоси вазиятлардан фойдаланишдаги оқсаш бўлди, аммо бу бошқа муаммоларни келтириб чиқарди. Танаффусдан кейин «Волфсбург» илк жиддий ҳужумида пеналти ишлади ва жавоб голини урди. Кейин Майер жарима майдони чизиғидан туриб устунни аниқ мўлжалга олди, кейин эса хорватиялик ҳужумчи мюнхенликлар мудофаасидаги хатодан фойдаланиб, дублни расмийлаштирди. Бу дақиқаларда меҳмонлар пароканда кўринишда эди.

Кейн эса «Бавария»ни ўзига келтирди, унинг бурчакдан узатмасидан кейин Камински ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Лекин ушбу поляк бир неча дақиқа ўтиб Ҳаррига деярли идеал позициядан гол уришга йўл қўймади. Мюнхенлик ҳужумчи қон ҳидини олиб бўлганди ва бироз ўтиб Гнабрига голли пас бериб, ўйин тақдирини ҳал қилди. Эътиборли жиҳати, ўйин Мюллер майдонга тушиши билан ўзгара бошлаганди. Томас учун бу бундеслигадаги 474-ўйин бўлди ва бу — клубнинг янги рекорди, бунга қадар энг юқори натижа афсонавий дарвозабон Зепп Майерга тегишли эди.

Кун статистикаси

  • «Ренн» Лига 1 тарихида 3500 гол ўтказиб юборган 1-жамоа бўлди.
  • Франция чемпионатида 2018/19 йиллар мавсумидан буён илк бор икки турдан кейин тўрт жамоа 6 тадан очко тўплай олди.
  • «Бавария» Германия чемпионатида 13 мавсумда биринчи турда ютқазмасдан клуб рекордини ўрнатди (+11=2).
  • Мадуэке «Челси»нинг АПЛда ҳет-трик қайд этган 23-футболчиси бўлди. Кўклар «Арсенал»дан ўзиб кетган ҳолда турнир рекордини ўрнатди.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид