Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон ўз ҳаётига нуқта қўйишга уриниш кўрсаткичи бўйича жаҳонда 104-ўринда туради, аниқроқ қилиб айтганда, ҳар 100 минг кишидан 9таси бу ишга қўл уради. Шунингдек, бундай хатти-ҳаракат асосан 15-29 ёш оралиғидаги авлод вакилларида кузатилиши қайд этилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси тақдим этган маълумотга кўра, 2018 йилда вояга етмаганларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 2017 йилга қараганда 10тага камайган. 

Лекин ҳолатнинг асосий сабаблари — ўзгаларга таъсир ўтказиш истаги, оиладаги келишмовчилик, ота-онанинг хорижга ишлаш учун кетганлиги оқибатидаги соғинч, ишқий муносабатлар, содир этган ножўя қилмишидан уялиш, шаън ва қадр-қимматнинг камситилиши каби маиший ва ҳал этиш мумкин бўлган омиллар эканлигини инобатга олсак, инсон ўз ҳаётини барбод қилишга арзимайди.

Ўзбекистонда ўсмирлар орасидаги суицидга айни пайтда таълим муассасаларида психолог мутахассисларнинг ролини ошириш орқали ечим изланмоқда. Хусусан,

  • мактабларда психолог штатларини ўқувчилар сонига мувофиқ 1 нафардан 3 штат бирлигигача ошириш;
  • улар учун алоҳида дастур асосида малака ошириши курсларини ташкил этиш;
  • олийгоҳларда «социал психология» йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш; 
  • юқори синфлари ўқув дастурига “Оила психологияси” фанини киритиш; 

Халқ таълими вазирлиги томонидан Ташхис марказида муаммоси мавжуд вояга етмаганлар ва ёшлар учун аноним ишонч телефони ва маслаҳатхона ташкил этиш кабилар белгиланган.

Аммо фақатгина психолог ёрдамини кучайтириш билан муаммо ҳал бўладими? Ҳаммасига балогардон Халқ таълими вазирлигими?

Мактаб ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилганда, анъанавий қарашга мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги ҳодисага бош айбдор сифатида кўрилади: улар болага тўғри тарбия бермаган, ўз вақтида бохабар бўлмаган.

Ваҳоланки, бу фақатгина таълим муассасасининг роли билан ҳал бўладиган масала эмас.

«Суицид оила, боланинг тиббий ҳолати, ижтимоий ҳолати ва мактабга боғлиқ ҳолда юзага келади. Афсуски, жамиятимизда оила болани фақатгина моддий таъминлаш функцияси билан чекланяпти, тарбия мажбурияти мактаблар чекига тушмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, МДҲ давлатларида суицидни коррекциялаш вазифаси психолог елкасига юклаб қўйилган. Аслида бу масала психологиянинг объекти эмас. Бу психиатриянинг муаммоси», — дейди Халқ таълими вазирлиги ходими, руҳшунос Акобир Абдуллаев.