300 минг сўмга “сотиб олинган” ўлим

Сўнгги пайтларда маълум бир маблағ эвазига вояга етмаганларга ижарага машина бериш мудҳиш ЙТҲ ва ўлимлар билан якун топяпти. Навоий ва Наманган вилоятларида кузатилган ҳолатлар бунга яққол мисол.

Жумладан, 2024 йилнинг 23 апрел куни Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Кейинчалик ЙТҲга учраган Matiz машинаси Кармана ва Навоий шаҳридаги мактабларнинг 8- ва 9-синф ўқувчилари томонидан ижара олингани ойдинлашди.

Фото: Видеодан кадр

Ўқувчилар машинада қўшни Нурота туманига саёҳатга борган. Улар ортга қайтишда рулдаги ўқувчи бошқарувни йўқотиб, ЙТҲ содир қилган. Бунинг оқибатида 2 ўқувчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Учинчи ўқувчи эса оғир тан жароҳати билан Кармана тумани марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

2 октябр куни Наманган шаҳрида ҳам шу каби ЙТҲ содир бўлди. 5 нафар ўқувчи ижарага Gentra машинасини олиб, шаҳарнинг Марғилон кўчаси бўйлаб катта тезликда бошқариб бораётганида йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган. Йўл ўртасидаги бетон тўсиқдан ошиб ўтган машина юк машинасига бориб урилган.

ЙТҲ оқибатида 3 нафар ўсмир вафот этган. Шунингдек, икки ўсмир оғир тан жароҳати олиб РШТЁИМ Наманган вилояти филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматининг маълум қилишича, Gentra эгаси машинани вояга етмаганларга 300 минг сўм эвазига ижарага берган. Ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилган.

200 минг сўм эвазига 2 соатга ижарага берган экан”

Намангандаги ЙТҲда ҳалок бўлган Аюбхон Акрамовнинг бобоси Олимжон Акрамов ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган болаларга машина бериш жазоланиши кераклигини таъкидлади.