Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексининг лойиҳаси жойлаштирилди.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозликнинг асоси бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси ва унинг қисмлари ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни режалаштириш, бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларнинг лойиҳалаштирилиши, қурилиши ва реконструкцияси, бинокорлик материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш соҳалардаги нормалар ва қоидаларни белгилайди.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозлик сохасидаги регламентлар ва давлат қурилиш стандартлари талабларида ҳам ифода этилади.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этиши учун мажбурийдир.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозлик соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Шаҳарсозлик воситалари орқали шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари аҳолисининг қулай яшаш шароитларини таъминлаш, хўжалик ва бошқа фаолиятнинг атроф муҳитга етказадиган зарарли таъсирига йўл қўймаслик, экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли пунктларининг ва уларга туташ ҳудудларнинг муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларини ривожлантириш, маданий мерос объектларини сақлаш, шунингдек шаҳарсозлик фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик жамиятнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатларидир.

Аҳоли пунктларини ва аҳоли пунктлараро ҳудудларни барқарор ривожлантириш учун шароитларни таъминлаш, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларнинг давлат тизимлари иш олиб бориши, табиий ресурсларни сақлаш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, шунингдек манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик давлатнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатларидир.

Шаҳарсозлик соҳасида жамият ва давлат манфаатларини уйғунлаштириш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан таъминланади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатларига уларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган манфаатлари тааллуқлидир.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик фаолияти, башарти бундай фаолият чегарадош ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари, эгалари ҳамда мазкур участка ва объектлардан фойдаланувчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалга оширилишига монелик қиладиган бўлса, чекланиши керак.

Жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, бошқа қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари талаблари бажарилиши, шунингдек бу талабларга риоя этилишини назорат қилиш орқали таъминланади.