Ўзбекистон | 18:30 / 07.10.2024
3141
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш соҳасида аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳақида маълумот берилди

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига кўра, низоли масалалар аҳоли яшаш уйлари билан қурилиш объектидаги оралиқ масофа сақланмаслиги оқибатида юзага келмоқда.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Якка тартибдаги уй-жойлар ҳудудида қўшимча кўпқаватли турар жой қурилишига рухсатнома берилиши оқибатида аҳолининг мурожаати кундан-кунга кўпаймоқда. Низоли масалалар аҳоли яшаш уйлари билан оралиқ масофа сақланмаслиги оқибатида юзага келаётгани билан боғлиқ. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Ҳидоятов раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд қилинишича, шикоятлар сони Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида кескин ошган.

Шунингдек, туман (шаҳар) қурилиш бўлимларининг объектни ихтисослигини ўзгартиришга берган рухсатномалари ўрганилганда кўплаб қонунбузарликлар аниқланган.

Жумладан, 20 та ҳолатда жами 280 950 кв.м. нотурар жой объекти ва унинг бутун эгаллаган ер участкаси ҳамда қурилиш қилинмаган бўш ер участкалари турар жой сифатида хусусийлаштирилган. 19 та ҳолатда 235 950 кв.м. турар жой сифатида яшашга яроқсизлигига, рухсатнома бериш тегишли талаб ва шартларига мувофиқ берилмаган. 1 та ҳолатда 45 000 кв.м. қурилиш қилинмаган бўш ер участкаси якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ихтисослиги ўзгартириб берилган.

Шу билан бирга, президентнинг тегишли қарорига асосан 154 та шаҳарсозлик ҳужжати ишлаб чиқилиши белгиланган бўлса-да, бугунга қадар 147 таси бажарилган холос. Хусусан, Жиззах, Фарғона ва Урганч шаҳри бош режаси ҳалигача якунланмаган.

Бундан ташқари, ҳудудий «Архитектура-шаҳарсозлик» Кенгашига киритилган лойиҳаларни кўриб чиқиш ва келишиш муддатлари сурункали равишда бузилган. Бу борадаги энг қониқарсиз аҳвол Бухоро, Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида аниқланган.

Мавзуга оид