Иқтисодиёт | 09:46 / 26.03.2019
6261
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш бўйича 6та йўналишга эътибор бериш лозимлиги билдирилди

Фото: Shutterstock

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакиллиги томонидан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда бюджетлараро муносабатларни тартибга солиш мавзусида Жаҳон тажрибасига бағишланган видеоконференция кўринишидаги семинар ўтказилди.

Семинарда Жаҳон банкининг бош иқтисодчи Эскендер Трушин, бош офисдан иштирок этувчи уч нафар мутахассис – Эмилия Скрок, Эва Коржич ва Хорхе Мартинез, Молия вазирлигидан Давлат бюджети бош бошқармаси ва Ҳудудлар молия бош бошқармасининг мутахассислари иштирок этишди.

Экспертлар томонидан ривожланган давлат амалиётида кенг қўлланилаётган бюджетлараро муносабатларни тартибга солиш тизими бўйича амалий мисоллар билан батафсил тушунтиришлар бериш билан бирга Ўзбекистон Республикасида бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш бўйича қуйидаги 6 та йўналишга эътибор бериш лозимлиги тўғрисида таклиф ва мулоҳазалари билдирилди.

Биринчидан, мамлакат бюджет тизимида қўлланилаётган республика ва маҳаллий бюджетлар ўртасида даромадларнинг турлари бўйича ажратмалар миқдори ҳудудлар бўйича бир хил бўлиши лозимлиги тавсия қилишди.

Иккинчидан, даромадларни республика бюджети ҳамда маҳаллий бюджетлар ўртасида тақсимлашда ер қаъридан фойдаланганлик учун ҳамда қўшилган қиймат солиғини республика бюджетида қолдириш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтдилар. Буни экспертлар қуйидагича изоҳлашди:

ер ости фойдали қазилма бойликлари ҳамда бошқа табиий захиралар ҳудудлар бўйича тенг тақсимланмаганлиги ҳамда табиий ресурслардан республиканинг барча фуқаролари фойдаланиш ҳуқуқини тенглиги;

қўшилган қиймат солиғи доимий характерга эга бўлмаганлиги ҳамда асосан йирик солиқ тўловчилардан тушишини инобатга олиб, унинг бирон бир сабаб билан маълум бир даврда тушмай қолиши маҳаллий бюджетнинг даромадларига кескин таъсир этиб, харажатларнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлиши;

солиқ тушумларини республика ва маҳаллий бюджетлар ўртасида тақсимлашда маҳаллий бюджетларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида солиқларнинг тенг тақсимлашдан ташқари иқтисодий самарадорлик мезонига, яъни солиқ солиш базасига ҳамда солиқ йиғувчанликка таъсир кўрсатиш имкониятини ҳам ҳисобга олиш зарур.

Қўшилган қиймат солиғини хусусиятларига тўхталадиган бўлсак, ушбу солиқдан тушумлар давлатнинг ваколатига кирувчи умумдавлат иқтисодий сиёсатга боғлиқ. Хусусан корхоналарда ҳисобланган ҚҚС миқдоридан сотиб олинган товар (хизматлар) учун тўланган ҚҚС миқдорига камайиши, шунингдек, ноль ставкада солиққа тортилганда товар айланмаси (товарларни экспорт қилганда)га ҳисобланган ҚҚС миқдори ва ҳисобланган умумий ҚҚС миқдори орасидаги фарқни солиқ тўловчига қайтаришни кўзда тутувчи механизм - маҳаллий бюджет даромадларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Мисол учун, ноль ставкани қўллаганлик туфайли ортиқча ҳисобланган ҚҚС миқдори Давлат бюджети даромадлари ҳисобидан солиқ тўловчига қайтарилади. Ушбу ҳолатда ортиқча тўловларни маҳаллий бюджет ҳисобидан қайтариш унинг даромадларининг кескин камайишига олиб келади ва натижада режалаштирилган харажатлар (ойлик маошларни тўлаш, озиқ-овқат ва дори воситалари билан таъминлаш) ни ўз вақтида молиялаштириш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради.

Айрим давлатлар қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини ҳудудларнинг аҳоли сони ёки ҳудудий ички маҳсулот ҳажмига қараб қайта тақсимлаб бериш амалиётини жорий этган.

Учинчидан, айрим маҳаллий солиқ турлари (мол-мулк солиғи, ер солиғи ва бошқалар) бўйича ставкалар миқдорини белгилашни маҳаллий давлат ҳокимият органлари ваколатига берилиши мақсадга мувофиқ. Бунда улар учун маълум бир оралиқлар белгилаб берилади.

Тўртинчидан, ҳудудлардаги бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда ишловчи ходимлар меҳнатига тўланадиган иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдорлари бир-биридан фарқ қилмаслигини (алоҳида иқлим шароитига ёки узоқлиги билан боғлиқ ҳолда фарқ қилиши мумкин) таъминлаш талаб этилади.

Бешинчидан, жаҳон тажрибасида ҳудудларда инвестицион харажатларни амалга оширишда маҳаллий бюджетларга ички қарзларни жалб қилишга рухсат бериш амалиёти жорий этилган. Бироқ бундай ҳолатда маҳаллий бюджетларнинг қарз олиш чегаравий миқдорларини қонун билан белгилаш лозимлиги айтиб ўтилди.

Олтинчидан, мақсадли трансфертларни маҳаллий бюджет харажатларининг аниқ йўналишлари (мисол учун умумтаълим муассасалари ўқувчиларни ўқитиш ва бошқалар) бўйича белгилаш амалиётига ўтиш тавсия этилди. 

Молия вазирлиги хабарида айтилишича, томонлар бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш масаласида яна мулоқот қилиш тўғрисида келишиб олишди.

Мавзуга оид