Жаҳон | 15:10 / 25.10.2024
2257
3 дақиқада ўқилади

РФда 2025 йилги бюджет лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди

Молия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, 2024 йилга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ёпиқ бандлар бўйича харажатлари ошган. 2025 йилда давлат мудофаасига бюджетдан ажратиладиган маблағлар 13,49 триллион рублни ташкил этади.

Фото: Dmitry Dukhanin/Kommersant/Sipa USA/picture alliance

Давлат думаси 2025-2027 йилларга мўлжалланган федерал бюджет лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда 24 октябр, пайшанба куни Федерал мажлис қуйи палатаси сайтида маълум қилинди.

2025 йилда федерал харажатлар 41 триллион 469 миллиард рублгача ошади. 2018 йилдан буён уларнинг ҳажми 2,5 баробар ошди – 16 триллион 713 миллиард рублдан, деди раис Вячеслав Володин.

2026 йилда тегишли кўрсаткич 44 триллион рублни, 2027 йилда 45,9 триллион рублни ташкил қилади.

Миллий мудофаа учун бюджет маблағлари — очиқ ва ёпиқ бандлар доирасида — 2025 йилда 13,49 триллион рублга етади, 2026 йилда 12,7 триллион рублга, 2027 йилда эса 13 триллион рублга етиши кутилмоқда.

Армия ва хавфсизлик кучларига сарфланадиган харажатлар бюджетнинг 40 фоизини ташкил этади ва ижтимоий соҳага режалаштирилган маблағлардан (6,49 миллиард) 2,5 баробар, соғлиқни сақлашдан (1,86 миллиард) эса 9 баробар кўп бўлади.

2024 йилда РФ харажатлари 1,5 трлн рублга ошиши мумкин

Россия 2024 йилда бюджет харажатларини 1,5 триллион рублга ошириши мумкин. Бу ҳақда Россия молия вазири Антон Силуанов РБК'га берган интервюсида гапирди. Унинг сўзларига кўра, тегишли таклиф парламентга аллақачон киритилган ва бу йил давомида «режадан ташқари харажатлар» юзага келгани билан боғлиқ.

Сўралган маблағнинг катта қисми Марказий банк томонидан асосий ставканинг ошиши фонида имтиёзли ипотека кредитларини субсидиялашга йўналтирилиши режалаштирилган, деди Силуанов. «6 фоиз оилавий ставкада ёки 8 фоиз имтиёзли ипотека кредитини олган одамлар, улар учун ставкалар барқарор бўлиб қолади, шунинг учун биз бюджетдан бир триллион рублдан кўпроқ пул оламиз. У одамларнинг ипотека кредитлари ставкаси ўзгармаслиги учун йўналтирилади», — дея вазирнинг сўзларини келтиради РБК.

Қолган харажатлар давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатларининг ошиши, шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг эҳтиёжлари билан боғлиқ. «Эҳтимол, энг муҳими — бу махсус ҳарбий операциянинг вазифалари. Биз биринчи навбатда фронтда муваффақиятни таъминлаш учун Мудофаа вазирлигининг ҳар қандай эҳтиёжларини молиялаштирамиз», деди вазир.

Шу билан бирга, Силуановнинг сўзларига кўра, якунда ҳукумат 2024 йил охиригача 1,5 триллион рублдан кам маблағ сарфлаши мумкин.

Мавзуга оид