Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чирчиқ давлат педагогика институти фаолияти такомиллаштирилади
Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
• ўқув жараёнини такомиллаштириш, жумладан, Институтда педагог кадрлар тайёрлаш мазмунини қайта кўриб чиқиш, халкаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратилишини таъминлаш, янгидан ташкил этилаётган таълим йўналишлари бўйича зарур ўқув-методик адабиётларни яратиш, талабаларнинг вилоят ҳудудидаги тегишли таълим муассасаларида амалиёт ўташларини ташкил этиш, уларни қишлоқ ҳудудлардаги таълим муассасаларига жалб этиш;
• маънавий-маърифий ишларни янада такомиллаштириш ва талабаларнинг ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш, жумладан, ёшлар сиёсати. маънавий-маърифий ва мафкуравий соҳадаги ишлари натижадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, талаба-ёшларни ёт ғоя ва ахборот хуружларидан ҳимоялаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, маҳаллалар ва ота-оналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ногиронлиги бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож, етим ва чин етим талабаларга кўмаклашиш, талаба-ёшларни ҳарбий ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва касбга садоқат руҳида тарбиялаш;
• илмий-инновацион ва халқаро ҳамкорлик фаолиятини такомиллаштириш, бунда давлат илмий-техника дастурлари доирасидаги лойиҳалар ва халқаро фанлар танловида Институтнинг фаол иштирокини таъминлаш, профессор-ўқитувчилар томонидан юқори илмий-услубий, амалий- татбиқий аҳамиятга эга монография ва илмий мақолалар тайёрлаш ва чоп эттирилишини фаоллаштириш, илмий иш билан шуғулланиш учун илмий-педагог ходимлар, докторантлар ва ёш изланувчиларга зарур шароитлар яратиш ва рағбатлантириш;
• профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш жараёнини такомиллаштириш, жумладан, уларнинг узлуксиз малака ошириш тизимини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларни хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларига стажировка ўташ ва малака оширишга юбориш, профессор-ўқитувчиларнинг мустақил малака оширишлари учун етарли шарт-шароит яратиш;
• институт фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш. ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини яхшилаш ва самарали фойдаланишни ташкил этиш.
Ҳужжат билан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Мазкур чора-тадбирлар режасида белгиланган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги белгиланди.
Қарорга мувофиқ, Чирчиқ техника касб-ҳунар коллежи ҳамда Чирчиқ саноат касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудудлари билан бирга Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади.
Ушбу касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар тегишлича Институт биноларида ўқув жараёнини давом эттиришлари белгилаб қўйилди.