Иқтисодиёт | 17:40 / 02.04.2019
25855
2 дақиқада ўқилади

Эксперт Ўзбекистон иқтисодиётининг долларлашуви хатарлари ҳақида гапирди

Фото: Дарья Давыденко / Апостроф

Ўзбекистон иқтисодиётида долларлашув даражасининг юқорилиги Марказий банк монетар сиёсати самарадорлигини пасайтиради, айрим ҳолларда, дефолтга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Турсунбой Маҳкамов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг долларлашув даражаси жуда юқори эканини ҳамма тушунмоқда, аммо валюта хатарлари орасидаги фарқни йўқотиш учун мамлакатда олтин-валюта захиралари етарли экани туфайли (2019 йил 1 январь ҳолатига 26,3 млрд. АҚШ доллари) «бунга катта эътибор беришмаяпти».

Агентлик иқтисодиётнинг долларлашуви бўйича бешта асосий хатарни ажратган:

1. Миллий валюта заифлашуви
2. Ташқи қарз олиш қийматининг ошиши
3. Мамлакатнинг суверен рейтинги даражасига салбий таъсир
4. Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатини амалга ошириш бўйича имкониятларини чеклаш
5. Валюта хавфининг ошиши

«Биз Марказий банкнинг монетар сиёсатни олиб бориш бўйича имкониятлари қисқараётганини кузатяпмиз. Қайта молиялаш ставкаси жуда юқори, лекин инфляция ҳали ҳам икки сонли бўлиб турибди. МБ инфляцияни таргетлаши ва монетар сиёсатни кучайтириши ҳақида эълон қилгани эътиборга олинса, натижалар кутилганидек бўлмаяпти. Бу банк тизимининг катта қисми долларга боғлангани билан алоқадор. МБ ўзининг монетар сиёсатида фақат иқтисодиётнинг кичик қисмига ҳаракат қилаётгани аён бўлади. Шунинг учун у натижага олиб келмаяпти», - деди Маҳкамов фонд бозори вакиллари билан учрашувда.

Мавзуга оид