Ливия пойтахти Триполи учун Ливия миллий армияси қўмондони фельдмаршал Халифа Ҳафтар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар янги босқичга ўтди.

Ҳафтарнинг қўшинлари шаҳарга уч йўналиш бўйича ҳужум қилмоқда: жанглар пойтахтдан шарқдаги Тажур муниципалитети, ғарбдаги Жанзур тумани ва жанубдаги Бин-Ғашир шаҳри ҳудудида, қайсики Триполи халқаро аэропорти жойлашган ҳудудда кечмоқда.

Бу халқаро аэропорт пойтахт Триполидан 34 км узоқликда жойлашган. У 2014 йилдан бери фаолият юритмайди. Ўшанда жанглар оқибатида аэропорт биноси қисман ёниб кетган, учиш-қўниш йўлагига снарядлардан зарар етган ва айни вақтда стратегик муҳим аҳамиятга эга эмас. Ҳозирда барча авиарейслар Триполидан 10 км шарқдаги Митига ҳарбий аэродроми орқали амалга оширилади. Ҳафтар қўшинларининг ўнг қаноти айнан шу ҳудудга йўналтирилган.

Ҳафтар биринчи навбатда қўлга киритишни мақсад қилган муҳим объектлар қаторида миллий банк ҳамда давлат телемаркази ҳам бор.

Гувоҳларнинг хабар беришича, Ҳафтар армияси ҳарбийлари шаҳар марказига тахминан 15 километр масофагача яқинлашиб келишган.

Фото: AFP 2019 / LNA War Information Division

Триполи мудофааси учун ҳукумат ҳарбийлари ва ҳукуматпараст кўнгиллилар ва қабилалар оёққа турғазилган.

Шу билан биргаликда, аввал ҳукуматга содиқлигини билдириб келган Ливиядаги йирик радикал жангарилар гуруҳи - «Махсус қудратли кучлар» (RADA Special Deterrence Forces) ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ҳафтар томонига ўтганини эълон қилди. Би-би-си маълумотига кўра, агар бу маълумот тасдиқланадиган бўлса, бу Триполидаги миллий бирлик ҳукумати раҳбари, бош вазир Фаёз ас Сараж учун жиддий зарба бўлади.

AFP агентлиги маълумотига кўра, пойтахт аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғи ғамлашга киришган.

Фаёз ас Сараж ўз телемурожаатида генерал Ҳафтарни хиёнатда ва давлат тўнтаришида айблаган.

У ўз ҳукумати шу вақтга қадар фақат «қўлини тинчлик мақсадида ишлатган», энди эса унинг сўзларига кўра, Ҳафтар фақат «кучли ва мустаҳкам қўллар»га дуч келади.